Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:31

Марказий Осиëда матбуот эркинлиги масаласи


A. ARAL Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Матбуот Эркинлиги бўйича махсус вакили Фреймут Дуве ЕХҲТга иштирокчи мамлакатларнинг кўпчилигида матбуот эркинлиги бузилаëтганини қаттиқ танқид қилди. Мазкур лавозимдаги олти йиллик фаолияти давомида ЕХҲТга аъзо 55 мамлакатнинг деярли ҳаммасидаги вазиятни яқиндан кузатган Дуве 11 декабрда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Доимий Кенгашига тақдим қилган якуний ҳисоботида матбуот соҳасида унчалик ижобий ўзгариш йўқлигини қайд этади.

Азизулло Арол шу ой охирида ЕХҲТнинг матбуот мутасаддиси лавозимидан истеъфога чиқаëтган Фреймут Дуве билан Марказий Осиëдаги еркин матбуот аҳволи хусусида суҳбатда бўлди. Ана шу суҳбат асосида ҳозирланган лавҳага диққатингизни бурамиз.

Фреймут Дувенинг таъкидлашича, Марказий Осиëда матбуот эркинлиги вазияти республикадан республикага қараб фарқ қилади. Масалан, Туркманистонда: "Туркманистонда вазият анча кескин. Мамлакатда собиқ Совет тузуми амалдорларининг янги кўринишдаги диктатораси ҳукм сурмоқда. Телевидение тўғридан-тўғри президентнинг пропаганда машинасига айланган. Бундай мамлакат билан бирор иш қилиш қийин. Чунки у ҳамкорликни суистеъмол қилади", - дейди Дуве ва Қирғизистонга назар ташлайди: "Сизга маълумки, Қирғизистон нефт захираларига эга бўлмаган мамлакат. Шу боис бу ўлканинг эркин матбуот, замонавий муҳандислик ва ëш наслни янги касб-ҳунарга ўргатишга зарурати бор", - дейди ЕХҲТ вакили.

Дувенинг айтишича у Қирғизистондаги асосий фаолиятларини янги наслнинг эркин матбуот руҳида тарбия топишига қаратган. Мамлакат президенти Ақаев билан олиб борган музокаралардан кейин Дуведа, Қирғизистондаги матбуот эркинлиги истиқболига умидворлик пайдо бўлган. Бироқ кейинчалик бу умидворлик пучга чиқа бошлади, чунки нодавлат ташкилотлари, ҳуқуқ ҳимоячилари Қирғизистонда матбуот вазияти тобора оғирлашгани хусусида шикоят қилишмоқда, - деб давом этади Дуве.

Тожикистондаги вазият хусусида тўхталган ЕХҲТ намоëндаси: "Тожикистон мураккаб вазият ичида, муаммолар гирдобига тушиб қолган. Чунки мамлакатда давом этган тўқнашувлар оқибатида вазият анча оғирлашди. Шунга қарамай яхши журналистик фаолият олиб борувчи кишилар ҳам йўқ эмас. Тожикистонда матбуот соҳасида қандайдир иш қилишга умидворлик бор", - дея фикр билдиради.

Суҳбат мавзуи Тожикистондаги вазиятдан Қозоғистонга кўчади: "Қозоғистон жуда катта, анча бой ва президент оиласи томонидан феодаллаштирилган мамлакатдир. Матбуотнинг катта қисми республика президенти қизи назорати остида", - дея ўз мулоҳазасини давом эттиради Дуве. Унга кўра, Қозоғистон Ғарбга анча яқинлашган, Париж ва Вашингтонда ижтимоий алоқалар идораларини очган мамлакатдир. Шу билан бирга Қозоғистонда журналистларга нисбатан таъқиб-тазйиқлар ҳам йўқ эмас, дея Сергей Дуванов тақдирини мисол қилиб келтиради ва унинг тез орада озодликка чиқишига умид билдиради, Фреймут Дуве.

Навбат Ўзбекистондаги матбуот аҳволига келар экан: "Бундан беш йил олдин мен билган Ўзбекистонда ҳали-ҳамон цензура янгича кўринишда давом этмоқда. 20га яқин идорага бориб газеталар цензура қилинишига гувоҳ бўлганман. Ўзбекистонда цензурадан кўзланган мақсадлардан бири матбуотни ҳукумат назоратида сақлаб туришдир", - дейди ЕХҲТ Матбуот эркинлиги бўйича вакили.

Унинг таъкидлашича, кейинги пайтларда Ўзбекистонда журналистлар янгича кўринишдаги цензура туфайли таъқиб-тазйиқларга учрамоқда. "Агарда сиз ҳоким ëхуд президентга нисбатан танқидий ëндашадиган бўлсангиз, ишингизни йўқотишингиз муқаррар",- дейди Дуве. Айни пайтда у, янгича кўринишдаги цензура нафақат Ўзбекистон балки, пост-совет мамлакатларининг ҳаммасида ҳам ҳукм сураëтганини қўшимча қилади.

"Марказий Осиëда Ўзбекистон муҳим мамлакат бўлгани учун у ерга сармоя ëтқизадиган Ғарб ширкатларини вазиятдан хабардор қилиш, бизнес манфаатларига берилмай замонавий саноат учун матбуот кераклигини тушунтириш зарур бўлади",- деб мулоҳаза юритади Европада хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Матбуот эркинлиги бўйича махсус вакили Фреймут Дуве.
XS
SM
MD
LG