Линклар

Шавкат Мирзиёев – Ўзбекистоннинг янги Бош вазири


Шайбон Иккинчи чақириқ Олий Мажлиснинг 11 декабрь куни бўлиб ўтган 13-сессиясида Самарқанд вилояти ҳокими Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига тасдиқланди.

Кўпчилик кузатувчилар Ш.Мирзиёевнинг бундай юксак лавозимга қўйилиши мутлақо кутилмаган воқеа эканини айтмоқда. Аксар кузатувчилар дастлаб Жиззах, сўнг Самарқанд вилояти ҳокими сифатида фаолият кўрсатган бу шахснинг Бош вазирликка тайинланишида маҳаллий кланларнинг иштироки борлигини таъкидламоқда.

Жамиятшунос Комрон Алиевнинг айтишича, Ш.Мирзиёевни республикани бошқариш даражасида катта тажрибага эга, деб ҳисоблаш қийин. Ҳозирги иқтисодий оғир шароитда ишларни юритиб юбориш учун улкан тажриба талаб этилади.

Президент Ислом Каримовнинг сессияда таъкидлашича, Ш.Мирзиёев Бош вазир лавозимига қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш учун тавсия этилган. Президентнинг фикрича, у бу борада яхшигина тажрибага эга.

Сиёсатшунос Малик Абдураззоққов бу фикрни рад этиб, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалик соҳасини яхши биладиган ягона шахс Исмоил Жўрабеков эканини маълум қилди. Агар шу асосда Бош вазир тайинланса, И.Жўрабеков бу вазифага энг лойиқ инсон, деди у.

Кузатувчилар Ш.Мирзиёевнинг Бош вазир этиб тайинланишига аслида унинг ўзига хос бошқарув қобилиятига эгалиги сабаб бўлганини айтмоқда. Яъни, кузатувчилар фикрича, у қаттиққўл шахс. Унинг бу қобилияти Президентга маъқул тушган.

Шунингдек, айримлар Президент Ислом Каримов ворис масаласида жиддий ҳаракатларни бошлаб юборгани тўғрисида башорат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG