Линклар

Мьюша Север: Ўзбекистон “Freedom house” баёнотига расмий муносабат билдиргани йўқ


Шайбон Халқаро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан “Озодлик” мухбири “Freedom house” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Мьюша Север хоним билан суҳбатлашди.

Мьюша Севернинг Ўзбекистонга келганига атиги 9 кун бўлди. Шунга қарамай, у мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари борасидаги вазият ҳақида етарли тасаввурга эга бўлганини маълум қилди. Директорнинг айтишича, бу борадаги вазият мақтанарли даражада эмас.

“Ўзбекистон Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг бошқа аъзолари қаторида инсон ҳуқуқлари бўйича бир қанча декларацияларни ҳурмат қилиш мажбуриятини зиммасига олган. Биз Ўзбекистондаги мавжуд ҳолат қисқа вақтлар ичида жамиятнинг барча қатламларида баробар яхшиланишига умид қиламиз”, деди у.

- Север хоним, ўтган ойда “Freedom house”нинг Намангандаги ресурс маркази ходимларига маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан таҳдид қилинганди. Айни ҳодиса юзасидан ташкилот Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига норозилик хати юборганди. Вазирлик бунга бирор муносабат билдирдими?

- Ҳа. Вазирлик бўлиб ўтган воқеа англашилмовчилик натижасида рўй бергани ва бундай ҳолат қайтарилмаслигига бизни ишонтирди. Намангандаги расмийлар ҳам бу воқеадан таассуф билдириб, “Freedom house” билан ҳамкорликда ишлашни ваъда қилди.

- Север хоним, маълумотларга қараганда, “Freedom house”га аъзо бўлган маҳаллий фуқаролар ҳамда ташкилот ресурс марказларига қатнаб турувчи шахсларга нисбатан ҳам турли таъқиб ва тазйиқлар бўлиб туради. Айтингчи, ташкилот ўз ходимлари ва “Freedom house” ресурс марказлари билан ҳамкорлик қилаётганлар хавфсизлигини таъминлаш масаласида ҳам иш олиб борадими?

- “Freedom house” ўз ходимларининг, улар қаерда бўлишидан қатьи назар, хавфсизлигига асосий эътибор қаратади. Бундан ташқари, маҳаллий ҳамкорларимиз ва йиғилишларимиз иштирокчилари хавфсизлиги ҳам доимий эътиборимиздадир. Ўзбекистон ҳукумати вакилларидан ҳам рақиб эмас, ҳамкор сифатида иш олиб боришга кафолат олдик.

- 10 декабрь - Халқаро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан “Freedom house”нинг бош қароргоҳи ташкилот ижрочи директори Женнифер Уиндзорнинг баёнотини эълон қилди. Бу ҳужжатда Ўзбекистон ўта репрессив давлатлар қаторида тилга олинган. Мазкур баёнотга расмий Тошкент муносабат билдирдими?

- Биз бу борада расмийларнинг жавобини олганимиз йўқ. Лекин “Freedom house” Ўзбекистонни дунёдаги оз сонли энг репрессив давлатлар сафига қўшгани Нью-Йоркдаги таҳлилчиларимиз олиб борган тадқиқотлар натижасидир.

Суҳбатимиз сўнггида М.Север Ўзбекистон Конституциясида ва ички қонунларида демократик руҳ сезилишини, аммо уларга амал қилишда бундай ҳолат мавжуд эмаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, қонунларда назарда тутилган принципларни амалга тадбиқ этмасдан чинакам демократик давлатлар қаторига қўшилиш мумкин эмас.
XS
SM
MD
LG