Линклар

Озодлик учун курашнинг куйланмаган қаҳрамонлари

  • Садриддин Ашур

“Freedom house” ташкилотининг яқинда тарқатилган баёнотида Ўзбекистон дунёдаги энг репрессив давлатлар қаторида тилга олинади.

Ташкилот ижрочи директори Женнифер Уиндзор хоним инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига “озодлик учун курашнинг куйланмаган қаҳрамонлари”, дея баҳо берди. Баёнотда ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ўзларига нисбатан репрессив сиёсат юргизаётган давлатда қаҳрамонона фаолият олиб бораётгани таъкидланади.

“Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ижрочи директори Аъзам Турғунов мазкур баёнот юзасидан фикр билдириб, ҳужжатда Ўзбекистоннинг репрессив давлатлар қаторига қўшилгани тўғри эканини таъкидлади.

Ўтиб бораётган Маҳалла йилида “Ҳюман райтс уотч” ташкилоти маҳаллаларда инсон ҳуқуқлари бузилаётганини қаттиқ танқид қилиб, бу ҳақда махсус ҳисобот тайёрлаган эди. Президент Ислом Каримов Конституция кунига бағишланган маросимда бу танқиднинг ўзини танқид қилганди.

“Ҳюман райтс уотч”нинг Тошкентдаги вакиласи Матильда Богнер Президент муносабатига жавобан: “Танқид қилиняптими, демак бу нормал ҳолат. Одамлар буни эшитсин ва муносабатини билдирсин. Президентнинг айтишича, инсон ҳуқуқлари борасида ҳар бир давлатнинг ўз маданияти, шунга яраша ўлчамлари бор. Мен бу фикрга қўшилмайман. Чунки инсон ҳуқуқлари ҳар қандай давлатда бир хил қадр-қимматга эга”, деди.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилувчи шахсларга нисбатан репрессив сиёсат давом этар экан, уни тўхтатиш учун янги ташкилот тузиш фойдасиздир. Бунинг учун, дейди улар, халқаро ташкилотлар ва жамоатчиликнинг, қудратли Ғарб давлатларининг эътиборини айни муаммога кўпроқ қаратиш керак.
XS
SM
MD
LG