Линклар

Зорини кимга айтсин?


Турғунбек Жорий йилнинг 10 октябрида Андижон вилоятининг Марҳамат туманида Қирғизистон чегараси яқинида Ўзбекистон чегарачилари тўрт маҳаллий фуқарога қарата ўқ узган, натижада уларнинг иккитаси ҳалок бўлган, иккитаси яраланган эди.

Хабарларга қараганда, орадан икки ой муддат ўтган бўлса-да, масъул идоралар мазкур воқеа юзасидан жарбдийдаларга ўз муносабатини билдирмаган. Марҳумларнинг оила аъзолари туман ички ишлар бўлимига, прокуратурага, ҳокимликка мурожаат қилган. Лекин улардан тайинли жавоб олинмаган.

Ушбу ҳодиса оқибатида марҳаматлик Муҳаммадумар Тоиров ўлган, унинг укаси Самаджон Тоиров эса елкасидан ярадор бўлганди.

Жабрдийдаларнинг опаси Инобат Тоированинг айтишича, марҳум Муҳаммадумарнинг учта фарзанди қолган. Яқинларининг эса етимларни доимий равишда таъминлашга имкони йўқ.

Марҳумнинг укаси Аҳад Тоировнинг таъкидлашича, жабрланувчи томонга на ҳукумат, на ҳарбийлар томонидан ёрдам кўрсатилган. Ҳол-аҳвол сўралмаган. Улар истиқомат қиладиган хўжалик раҳбарияти эса марҳумнинг қирқи ва ҳайитига бир қопдан ун, беш килограмм ёғ берган.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда марҳумнинг онаси Дилбар Тоирова неваралари ўзининг нафақа пули эвазига кун кечираётганини маълум қилди.

Воқеадан буён шунча вақт ўтса-да, муносабат билдирилмагандан сўнг марҳумнинг оила аъзолари вилоят ҳарбий прокуратурасига мурожаат қилди.

И.Тоированинг айтишича, уни ҳарбий прокуратура ходими Жасурбек Имомов қабул қилган. Ж.Имомов бўлиб ўтган воқеа учун кечирим сўраган ва айбдорлар жазо олишига ишонтирган. У, шунингдек, марҳумнинг оиласига моддий ва маънавий кўмак берилишини ваъда қилган.
XS
SM
MD
LG