Линклар

Тожикистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик


A. ARAL

Тожикистон ва Европа Иттифоқи алоқаларни янги поғонага кўтаришга тайëргарлик кўрмоқда. Икки томонлама сиëсий, иқтисодий ва савдо муносабатларига оид шартнома келаси ҳафтада Брюсселда Тожикистон ва Европа Иттифоқи вакиллари ўртасида имзоланиши кутилмоқда. Марказий Осиëнинг энг камбағал мамлакатларидан бири ҳисонланган Тожикистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқалар ҳақида ҳамкасбим Азизулло Аролга айрим саволлар билан мурожаат қиламан.

САВОЛ: Тожикистон билан Европа Иттифоқи ўртасида бугунга қадар алоқалар қандай ривожланган?

Бундан бир неча йил олдин Европа Иттифоқи собиқ Совет республикаларидан саккизтаси билан Шерикчилик ва Ҳамкорлик Келишуви асосида икки томонлама муносабатларга асос солган эди.

Тожикистонга келсак, бу мамлакатнинг Европа Иттифоқи билан алоқалари 1992-97 йиллардаги фуқаролар уруши туфайли тўхтаб қолган эди. Душанбе ҳукумати узилиб қолган ушбу алоқаларни қайта тиклаш мақсадида 15-16 декабр кунлари Брюсселда Европа Иттифоқи вакиллари билан музокаралар олиб боришни режалаштирган. Тарафлар ўртасидаги келишув эса келаси йил май ойида расман имзоланиши мумкин.

Бу ҳақда Тожикистоннинг Европа Иттифоқидаги вакили Шариф Раҳимов яқинда шундай деган эди:
"Ўтган йилдан буëн Европа Иттифоқи билан яқиндан иш олиб, келишув имзолашга тайëргарлик кўрмоқдамиз. Келишувнинг май ойида имзоланиши режалаштирилган. 10 йилга мўлжалланган ушбу шартнома сиëсий ва иқтисодий соҳаларни ўз ичига олади", - дейди Тожикистон вакили Раҳимов.

САВОЛ: Хуш, мазкур шартномани имзолашдан кўзланган мақсадлар ҳақида икки томон расмийлари нима дейишмоқда?

Европа Комиссиясининг Ташқи алоқалар бўйича масъул вакили Курт Юлга кўра, Европа Иттифоқи Тожикистон иқтисодиëтининг турли соҳаларини замонавийлаштиришга ердам беришга тайëр. Айни пайтда, Иттифоқ Тожикистонга 14 миллион евродан иборат йиллик грант ҳам бериши мумкин.

Тожикистон Иқтисод вазири ўринбосари Исроил Маҳмудовга кўра:
"Мазкур шартнома Тожикистон билан Европа Иттифоқи ўртасида келажак иқтисодий ҳамкорлик, жумаладан товар, маблағ ва бошқа муҳим ашëларнинг эркин ҳаракат қилиши ҳамда Тожикистонга кўпроқ сармоядорларни жалб этишга йўл очади". Демак, бу Тожикистон Иқтисод вазири ўринбосари Исроил Маҳмудов фикрлари эди.

САВОЛ: Маълум бўлишича, Европа Иттифоқи бошқа мамлакатларга ëрдам беришда у ердаги инсон ҳуқуқлари вазияти ва сиëсий ислоҳотлар қандай олиб борилаëтганини ҳам эътиборга олади. Тожикистонда демократия ва инсон ҳуқуқлари вазияти Европа Иттифоқи вакилларини қодирадиган даражадами?

Кузатувчиларга кўра, Тожикистон Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик қилмоқчи бўлса, демократик тамойилларга амал қилиши керак ва инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини таъминлаши зарур. Хюман Райтс Уотч ташкилотининг Европа ва Марказий Осиë бўйича муваққат бошлиғи Рейчел Денберга кўра, Европа Иттифоқи Тожикистон билан Шерикчилик ва Ҳамкорлик келишувини имзолаши мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазиятига ижобий таъсир қилиши мумкин. Аммо унга кўра, бу соҳада ижобий ўзгаришларни юз бериш-бермаслиги Европа Иттифоқининг бу масала бўйича позицияси қанчалик қатъий бўлишига боғлиқ бўлади.
Рейчел Денбернинг айтишича, Шерикчилик ва Ҳамкорлик Келишуви аллақачон кучга кирган Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда демократия ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ҳамон ташвишларга сабаб бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG