Линклар

Собиқ Президент Ҳайдар Алиев жума куни АҚШда оламдан ўтгани муносабати билан бугун Озарбайжон ҳукумати мамлакатда етти кунлик мотам эълон қилди.


Ҳукумат томонидан эълон қилинган баёнотда Ҳайдар Алиев 15 декабр куни пойтахт Бокуда дафн этилиши билдирилган. Унинг ўғли, ҳозирги Президент Илҳом Алиев бошчилигида дафн маросимини ўтказиш комиссияси тузилди.
80 ёшдаги Хайдар Алиев АҚШнинг Огайо штати Клийвленд шаҳар клиникасида юрак ва буйрак касалликларидан даволанаётган эди.
Бокуликлар Хайдар Алиев вафотидан чуқур қайғуга ботдилар. Бокулик Низоми Шакиров: “Биринчидан, мен Ҳайдар Алиев даврида ўсиб улғайдим. У бизнинг Президент эди. Мен доим уни мамлакатимиз раҳбари деб билганман. Биз буюк инсонни йўқотдик. Озарбайжон кимни ва нимани йўқотганини ҳали англаб етмаган бўлиши мумкин”, - дея ўз қайғусини ифодалади.
Ҳайдар Алиев вафоти муносабати билан АҚШ Давлат Департаменти матбуот вакили унинг оила аъзолари,а Озарбайжон ҳукумати ва халқига чуқур қайғу изҳор қилди.
Россия Президенти Владимир Путин, МДҲнинг бошқа раҳбарлари, жумладан Арманистон Президенти Роберт Кочарян ҳам Илҳом Алиевга таъзия билдирдилар. Бу Арманистон раҳбарининг Совет Иттифоқи парчаланганидан бери Озарбайжонда юз берган воқеага юқори даражада биринчи марта муносабат билдиришидир. Кочарян ва Ҳайдар Алиев Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал этиш учун 20 марта учрашганлар.
XS
SM
MD
LG