Линклар

Иқлим ўзгариши муаммолари


A. ARAL Куни-кеча Италиянинг Милан шаҳрида жаҳонда иқлим ўзгаришига бағишланган 12 кунлик халқаро конференция бўлиб ўтди. БМТ ҳомийлигида амалга ошган ушбу анжуман иштирокчиларининг айтишича, глобал иқлим ўзгариши атроф-муҳит ва инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Мавзу тафсилотларини Азизулло Арол баҳам кўради.

180 мамлакат вакиллари иштирокида 12 кун давом этган БМТнинг иқлим ўзгаришига бағишланган халқаро конферецияси диққат марказида атмосферанинг исиши ва унинг олдини олиш масаласи бўлди. Кузатувчиларга кўра, сўзлашувларда унчалик олға силжиш бўлмади.

Маълум бўлишича, дунë бўйлаб иқлим ўзгариши натижасида ҳар йили тақрибан 150 минг киши нобуд бўлади.

БМТнинг Атроф-муҳит Дастури бошлиғи Клаус Тойферга кўра, ўтган ëзда Европада ҳаво ҳароратининг фавқулодда ошиб кетгани, иқлим ўзгариши муаммоси олдини бугуннинг ўзида олиш кераклигини кўрсатди.

"Иқлим ўзгариши келажак учун қилинадиган прогноз эмас, иқлим ҳозирнинг ўзида ўзгармоқда", - дейди БМТ вакили Тойфер.

БМТ, Жаҳон Метеорология Ташкилоти ва Жаҳон Соғлиқни сақлаш Ташкилоти мутахассисларининг айтишича, бу йил ëзда Европа минтақсида ҳаво ҳароратининг кўтарилиб кетгани оқибатида камида 20 минг киши нобуд бўлган эди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассиси Диармит Кэмпбелл-Лендрумга кўра, инсон саломатлиги иқлим билан чамбарчас боғлиқ.

"Табиий офатлар, масалан, сув тошқини, қурғоқчилик, ҳаво ҳаратинининг кескин кўтарилиши ëки кескин пасайиши ҳар куни дунë аҳолисига таъсир этиб, салбий натижаларга сабаб бўлади", - деб таъкидлайди Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили.

Унга кўра, энг хавфли касалликлардан бири юрак буруғи касаллигининг 2.4 фоизи шунингдек безгак касаллигининг 2 фоизи иқлим ўзгариши натижасида вужудга келади.

Кэмпбелл-Лендрум шунингдек, дунë халқлари саломатлигига хавф солаëтган иқлим ўзгариши муаммосининг олдини олишга жиддий эътибор бериши кераклигини ҳам таъкидлайди.

"Қилиниши лозим бўлган иш - иқлим ўзгариши хавфига соғлиқни сақлаш бўлимлари диққатини жалб этишдир", - дейди у жумладан.

Маълум бўлишича, Европа Иттифоқи давлатлари 2005 йилдан бошлаб қашшоқ мамлакатларга об-ҳаво туфайли юз берадиган воқеа-ҳодисаларнинг олдини олиш учун ҳар йили 410 миллион доллар ëрдам кўрсатишини билдирдилар.
XS
SM
MD
LG