Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:49

ШАРҚИЙ ЭКСПРЕСС


Россияда чиқадиган "Известия" газетасининг сўнгги сонларидан бирида "Шарқий экспресс. Нима учун Қозоғистон локомотиви паровознинг олдига тушиб олиб, жадаллаб кетаяпти?" деган сарлавҳали мақола босилди.

Материал муаллифи Қозоғистон иқтисодиётининг кейинги йилларда гуркираб ривожланаётганини тан олади ва ҳодисанинг сабабларини излайди.

Қозоғистонликларнинг турмуши кейинги йилларда фаровонлашиб бораётгани оддий ўзбекистонликларга ҳам сир эмас. Шунинг учун ҳам "Известия"да чиққан мақола мазмуни билан таништириш заруратини ҳис қилдик.

***

Мақола анча катта. Муаллиф алам билан Россия элитасининг сиёсат ботқоғига ботиб қолганини, иқтисодиёт билан шуғулланишга эса элитанинг қўли бўшамаётганини таъкидлайди. Собиқ совет республикаларига руслар русча-советча калондимоғлик билан қараб келганини ёзади.

"Бизга, ўзимиздан паст, деб билганимизни назаримизга илмаслик касали - советча калондимоғлик мерос қолган. Айниқса, биз билан бирга бўлиб, кейин берухсат кетиб қолганларни менсимаслик касали. СССР тарқаб кетганидан кейин русларнинг кўпчилиги "қани кўрайликчи, бу қора-қураларнинг қўлидан нима келаркин", деб қоринларини қашиб ётишибди. Баъзи сиёсатчилар эса денгиз соҳилида ҳавонинг очилишини кутиб ётган чукчаларга айланиб бўлдилар, - деб ёзади мақола муаллифи.

Материал, асосан, "Қозоғистон темир йўллари"да ўтказилган ислоҳотлар ва бу иш берган самара тўғрисида. Муаллиф ортидан бориб, ўтказилган ислоҳотларни босқичма-босқич таҳлил қилишга эфир вақтининг тиғизлиги йўл бермайди. Шунинг учун бу ислоҳотлардан оддий ишчи кўрган фойда ҳақида гапирмоқчимиз.

"Қозоғистондаги станция бошлиғи шу кунда оиласи билан бир ойда 1000 доллардан кам пул топмайди", - деб ўқиймиз "Известия"даги мақолада.

Минг доллар? Кўп эмасми? "Известия" газетаси Остонанинг пулини олиб, аҳволни бежаб кўрсатаётган бўлмасин? Бу саволни Озодлик радиоси Қозоқ хизмати мудири Мирҳат Шарипжанга бердик. Яқинда хизмат сафари билан Қозоғистонда бўлиб қайтган ҳамкасбимиз "Известия" газетаси келтирган маълумотларга ишонишини, боз устига станция бошлиғининг маоши бир ярим минг долларга ҳам етиши мумкинлигини айтди.

Такрор айтамиз, лавҳамиз Қозоғистон темир йўлларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида эмас. Бу ҳақда "Известия" босган мақола қозоғистонликларнинг турмуш даражаси кейинги йилларда тобора ўсиб бораётгани тўғрисида гапиришга бир туртки берди, холос.

Мана яна бир-икки мисол.

- Масалан, мамлакатнинг Атирау вилоятидаги нефт конларида қора иш қилаётган оддий ишчи ойига минг долларгача пул ишлаши мумкин. Таржимон эса, бир ярим-икки минг доллар топади, - дейди қозоқ журналисти.

Бироқ, унинг фикрича, республика ҳудуди жуда катта бўлгани учун, ҳамма вилоятларда ҳам Атираудагидай катта маошлар бўлмаслиги мумкин. Лекин, давлат расман белгилаб қўйган энг кам иш ҳақининг 100 долларнинг устида эканлигини ҳисобга олсак, Қозоғистоннинг минтақадаги қўшниларидан анча илгарилаб кетганига гувоҳ бўламиз.

Хўш, бу муваффақиятлар сири нимада? Бу саволга Россияда чиқадиган "Известия" газетаси ҳам, Озодлик радиоси журналисти ҳам "Қозоғистонда иқтисодий сиёсат тўғри олиб борилаётганга ўхшайди", деган фикрни билдирадилар.

Бироқ, айни пайтда аҳолини иш билан таъминлаш, уларнинг маошларини оширишнинг тўла фойдаланилмаётган резервлари ҳам ҳали кўп. Масалан, тадбиркорлар фаолияти ривожланиб кетиши учун ҳалақит бераётган бир қатор муаммолар борки, улар ҳақида Остона шаҳар тадбиркорлари уюшмаси раиси Павел Казанцев:

- Қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларнинг мукаммал эмаслиги, турли сабабларга кўра коррупция аломатларининг зоҳир бўлиши, тадбиркорларнинг қонунларни билмаслиги тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлмоқда, дейди.

Павел Казанцевга кўра, Қозоғистонда хусусий мулкка ҳалигача эскича муносабатда бўлмоқдалар. Якка тартибда фаолият юритаётган тадбиркор ишига давлат амалдори ҳохлаганича аралашиши кузатилмоқда. Бу эса, иш жойларининг кўпайишига, аҳоли реал даромадларининг янада ошишига тўсиқ бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG