Линклар

СУРУНКАЛИ УРУШНИНГ ЯНА БИР ЖАНГИ


Сарвар УСМОН. Россия ахборот агентликлари хабарларига қараганда, 14 декабрдан 15-инчига ўтар кечаси, тунги соат учларда Россия чегарачиларига бир гуруҳ жанггари Доғистон ҳудудида пайдо бўлгани тўғрисида маълумот етиб келади. Уларни қўлга олишга отланган 9 чегарачи пистирмага учраб, нобуд бўлади. Шундан сўнг, жанггарилар Шаура қишлоғига кириб, маҳаллий касалхонани ўз назоратига олади.

15 декабр, эрталаб соат 9. Жанггарилар отряди маҳаллий аҳолидан 4 кишини (сешанба кунги маълумотларга кўра 11 кишини) гаровга олиб, қишлоқни тарк этади. Гаровга олинганлар орасида Шаура қишлоғи касалхонаси бош врачи ҳам бор.

ИТАР-ТАССнинг душанба кунги хабарига қараганда, жанггарилар отряди уч гуруҳга бўлиниб ҳукумат кучлари таъқибидан қутулишга ҳаракат қилади.

Шу куни кечга яқин тарқатилган хабарга кўра, Шаурага кирган гуруҳ сафларида 60 кишигача жанггари бўлган.

Баъзи маълумотларга қараганда, жанггарилар гуруҳи Шаура қишлоғига Грузия ҳудудидан кирган. Грузия расмийлари бу тахминни инкор этмоқдалар. Шаура қишлоғидан Грузия ҳудудигача 15 километр.

Хабарларга қараганда, жанггарилар гуруҳи Доғистоннинг Ғалатли қишлоғига ҳам кирган. 16 декабр, сешанба куни олинган хабарга кўра, жанггарилар қўлларида гаровда ушлаб турилган 11 кишини қўйиб юбориб, Ғалатли қишлоғини тарк этган. Шимолий Кавказ минтақаси чегара бошқармаси сешанба куни тарқатган маълумотга кўра, отряднинг 7 аъзоси ўлдирилган.

Хўш, кимлар ўзи бу гуруҳ аъзолари? Чеченларми? Ёки доғистонликларнинг ўзларими?

Доғистоннинг Москвадаги вакили Рамазон Мамедовга кўра, улар чеченлардир, бироқ, уларнинг сафида чет элликлар ҳам бўлиши эҳтимол:

- Улар орасида чет эллик ёлланма жанггарилар бўлмаслиги мумкин, деган тахминни инкор этаман. Чечен жанггарилари эмас, деган гапга ҳам мутлақо қўшилмайман. Чунки воқеа юз берган ҳудудни айнан чечен жанггарилари яхши биладилар.

Россия маъмурлари 16 декабр куни гуруҳ тўғрисида баъзи маълумотларни қўлга киритганларини маълум қилдилар. Россия Ички Ишлар вазирлиги вакили Исмел Шаов берган маълумотларга қараганда: "акцияни амалга оширган гуруҳга дала командири Дадаев раҳбарлик қилмоқда. Гуруҳ сафларида яқин ва узоқ ҳорижлик жанггарилар борлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд".

Бу 16 декабр оқшомигача бўлган маълумотлар эди.

Шу ўринда доғистонликларнинг Чеченистонда қарийб ўн йилдан буён олиб борилаётган урушга, Кремлнинг сиёсатига муносабати қандай, деган савол Сиз тингловчини қизиқтирса керак. Биз бу саволни доғистонлик журналист Муртазали Дугричиловга бердик. Мана унинг жавоби:

- Дудаев иқтидорга келиши биланоқ, доғистонликларнинг мутлақ кўпчилиги чеченларнинг мустақиллик ғоясини қувватлаб келишган эди. Чунки бундай позициянинг Кавказда тарихий асослари бор. Кавказликлар Чор Россияси давридан тортиб мустақилликка интилиб келганлар. Бироқ, 1999 йили чечен жанггарилари Доғистонга бостириб киргач, оддий доғистонликнинг фикри ўзгариб қолди.
Бироқ, кўп ўтмай, кўпчилик ўша воқеаларнинг президентлик сайловлари олдидан уюштирилган махсус акция бўлганлигини тушуниб етганди, аҳолининг тушуниб етишига эса, Борис Елцин оиласига яқин бўлиб, Кремлда масъул лавозимни эгаллаб турган, кейинроқ эса, Россияни тарк этишга мажбур бўлган Борис Березовскийнинг омма кўзидан панадаги ўйинларни очиб ташловчи интервьюлари сабаб бўлганди,
- дейди доғистонлик журналист Муртазали Дугричилов.
XS
SM
MD
LG