Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:01

Усама Бин Ладен ва Мудда Умар ҳозиргача қўлга олинмаганининг сабаблари нимада?


Ироқнинг собиқ Президенти Саддам Ҳусайн қандай қўлга олингани, уни қайси маҳкамада ва ким суд қилиши кераклиги масаласи шу кунларда дунё жамоатчилиги диққат марказида турибди. Ироқни 30 йилдан ортиқ қаттиққўллик билан бошқариб келган Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилганидан саккиз ой кейин қўлга олинди.

2001 йил 11 сентябрда АҚШга қарши террор ҳужумлари уюштирганликда айбланган Усама Бин Ладен ва унга Афғонистонда бошпана берган Толиблар лидери Мулла Умар мана икки йилдан ортиқ вақт ўтибди-ки, қўлга олингани йўқ. Бунинг сабаблари нимада?

Мазкур саволга америкаликлар, покистонликлар, Афғонистон ҳукумати расмийлари ва терроризм бўйича мутахассислар Саддам Ҳусайн билан Бин Ладен ва Мулла Умар ўртасида катта фарқ борлигини қайд этишмоқда.

Уларга кўра, Ироқда Америка аскарлари сони Афғонистонга қараганда 12 баробар кўп. Бундан ташқари, Усама Бин Ладен ва Мулла Умар атрофидаги одамлар Саддам Ҳусайн тарафдорларидан кўра, анча вафодор кўринади. АҚШ ҳукумати Бин Ладен қаердалиги ҳақидаги маълумот учун 25 миллион долларлик мукофот ваъда қилганига қарамай, Бин Ладен ҳамда Умар яширинаётган жой ҳамон аниқланмаган.

Бин Ладен шарқий Афғонистоннинг Тўра Бўра тоғларидаги баланд ғорларда яширинмоқда, деган тахминлар бор. Аҳоли кам яшайдиган минтақалар баландлиги бир неча минг метр бўлган тоғларда Бин Ладенни қидириб топиш осон иш эмас, дейишмоқда мутахассислар. Тоғли минтақа об-ҳавоси ҳам ўзгача. Ҳозирда Афғонистонда АҚШнинг 10 минг аскари Толиблар қолдиқларини йўқ қилиш ҳамда Бин Ладенни топиш бўйича махсус операцияларни амалга оширмоқда. Ироққа эса 120 мингдан ортиқ АҚШ аскари жойлаштирилган.

Покистон ҳукумати Афғонистон билан чегарани ёпиш мақсадида шу пайтгача қабила бошлиқлари мустақил равишда бошқариб келган минтақаларга 70 минг қўшинлар жўнатди. Аммо мутахассислар фикрича, тоғли минтақада жанггари гуруҳларнинг мамлакат ҳудудларига ўтишини назорат қилишнинг ҳеч иложи йўқ.

Айрим тахминларга кўра, Бин Ладен сўнгги ўн йил давомида Тўра Бўра ғорларида яширинмоқда. Ал-Қайда асосчиси саноқли кишилар билан фақат ёзма равишда алоқа қилади. У телефон, электрон почта ёки бошқа замонавий алоқа воситаларидан фойдаланмайди. Шу сабабли унинг ким билан қаердан туриб алоқа қилаётганини аниқлаб бўлмаяпти.

Расмийларга кўра, афғонистонликлар Бин Ладен ҳақида маълумот бермайди. Қабила бошлиқлари журналистлар билан суҳбатда 2001 йил 11 сентябр воқеаларини АҚШнинг Марказий Разведка Бошқармаси ва Исроилнинг Моссад разведка хизмати юштиргани, шунингдек, АҚШ ҳарбийлари Афғонистонни ҳаводан бомбардимон қилгани оқибатида минглаб афғон аёллари ва болалар нобуд бўлганларини айтадилар. Шу сабаб, улар Бин Ладенга таъқиб остига олинган қаҳрамон сифатида қарайдилар.

Британиядаги Халқаро Тадқиқотлар Институти тахлилчиси Маха Аззамга кўра, Покистон ва Афғонистон чегара минтақаси тоғли ҳудудлардан иборат бўлгани ҳам Бин Ладен ҳозиргача қўлга олинмаганининг сабабларидан биридир: “Бин Ладен, Саддам Ҳусайнга қараганда кўп сонли тарафдорларга эга. Бу унинг ҳозиргача қўлга олинмаганида муҳим омил бўлган бўлиши мумкин. Бин Ладенни турли қабила ва гуруҳлар ҳимоя қилмоқдалар. Саддамни эса фақат Тикрит минтақасидаги одамларгина қўллаб-қувватлайдилар”, - дейди Британиялик тахлилчи.

Унга кўра, Усама Бин Ладен Покистон ва Афғонистон ҳудудларида у ёқдан бу ёққа ўтиб яшириниб юрибди.

Покистон расмийлари қабилалар яшайдиган минтақаларда йўллар, қудуқлар, мактаблар ва бошқа муҳим иншоотларни қуриш орқали аҳолининг ишончини қозониш ва Бин Ладен ҳақида одамлардан разведка маълумоти йиғиш мумкин деб ўйлайдилар. Кобул расмийлари ҳам айни фикрга қўшиладилар.
XS
SM
MD
LG