Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:44

Ўзбеклар Саддам Ҳусайн тақдирига бепарво эмас


Ироқнинг собиқ Президенти Саддам Ҳусайннинг ҳибсга олиниши Ўзбекистон фуқароларини ҳам бефарқ қолдиргани йўқ.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган фуқаролар бу борада турли фикрларни баён қилди. Баъзиларнинг айтишича, Саддам Ҳусайннинг қўлга олиниши Ироқда тинчлик барқарорлашувига олиб келади. Бошқалари эса бу воқеа собиқ Президент тарафдорларининг қасос олиш мақсадида террорчилик ҳаракатларини янада кучайтиришига сабаб бўлади, дея фикр билдирди. Айрим суҳбатдошлар қўлга олинган шахс Саддам Ҳусайн эмас, балки унинг қиёфадоши бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Суҳбатдошлардан бирининг фикрича, Саддам Ҳусайн ҳақиқатан ҳам диктатор Президент бўлган. Лекин уни суд қилаётганда ҳурматини жойига қўйиш лозим. Нима бўлганда ҳам у жуда обрўли шахс, деди у.

Сиёсатшунос Комрон Алиев Саддам Ҳусайннинг қўлга олиниши ва унинг кейинчалик суд қилиниши Ироқдаги умумий вазиятнинг барқарорлашуви ва партизанлар уруши миқёси камайишига олиб келиши мумкинлигини тахмин қилди. Унинг айтишича, собиқ диктаторни суд қилишда араб ва мусулмон дунёсининг фикрига қулоқ солиш тўғрироқ бўлади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокиров Саддам Ҳусайннинг ҳибсга олингани муносабати билан вазирлик ҳеч қандай расмий баёнот бермаганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бунга ҳожат йўқ. Чунки Ўзбекистон Саддам Ҳусайн режимига қарши курашда коалиция кучларига хайрихоҳлигини илгари изҳор этган.
XS
SM
MD
LG