Линклар

logo-print

Газнинг бор-йўқлиги Президентнинг келишига боғлиқми?


Маълумотларга қараганда, қиш қаҳратони ҳукм сураётган айни кунларда Хоразм вилоятининг барча ҳудудларида табиий газ босимининг кескин пасайгани кузатилмоқда.

Вилоят аҳлининг айтишича, газ етишмаслиги Хоразмнинг доимий муаммоларидан бирига айланган.

Қўшкўпир туманининг Охунбобоев ширкат хўжалигида яшовчи фуқаронинг айтишича, хўжаликда икки йилдан бери газ йўқ. Рўзмат Мадаминов хўжалигида истиқомат қилувчилар эса жорий йилнинг сентябридан буён газ ўчириб қўйилганини маълум қилди.

Маълумотларга кўра, аҳолининг табиий газ билан таъминланганлик даражаси вилоят бўйича 97 фоизни ташкил этади. Яъни Хоразмда 199 минг 539 хонадон газлаштирилган.

“Хоразмгаз” ҳудудий газ таъминоти корхонаси директори Шоназар Сафоевнинг айтишича, аҳолини газ билан таъминлаш бўйича вилоятда 2010 йилгача бўлган дастур ишлаб чиқилган. Айни пайтда аҳолига газ етказиб бериш мазкур дастур бўйича амалга оширилмоқда. Ўтган йили газ танқислиги кузатилган ҳудудлар ўрганиб чиқилиб, бу ерларда қўшимча 40 та газ тақсимлаш станцияси қурилган.

“Хоразмгаз” директори Ш.Сафоев бу йил вилоятга ажратилган газ лимити ўтган йилгидан камлигини маълум қилди. Олдинги йили бир кунда 11 миллион 77 минг куб метр газ берилган бўлса, бу йилги лимит 8 миллион 440 минг куб метрдир.

Ш.Сафоевнинг таъкидлашича, корхонада кузги-қишки мавсумга тайёргарлик ишлари 100 фоиз бажарилган. Корхона ҳисоботида вилоятдаги мавжуд 612 та газ тақсимлаш пунктининг барчасида тўлиқ таъмирлаш амалга оширилгани айтилади.

Бироқ “Правда востока” газетасининг жорий йил 13 ноябрдаги сонида “Хоразмгаз” корхонасининг ушбу ҳисоботи нотўғри экани таъкидланади. Унда вилоятда авария ҳолатидаги газ тақсимлаш пунктлари борлиги, Хива ва Янгиариқ туманларида қувурлардан газ сизиб чиқиш ҳолатлари мавжудлиги ҳақида ёзилади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ҳайитбой Ёқубов газ танқислиги аҳолининг ижтимоий ночор қатламига қаттиқ таъсир этаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, Президент Хоразмга келганида вилоятнинг бутун ҳудудида газ тақсимоти кескин яхшиланган. Президент жўнаб кетгач эса аҳвол яна аввалдагидек кўриниш олган.

Маҳаллий кузатувчиларнинг сўзларига қараганда, газ тақчиллиги аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Фуқаролар орасида турли касалликлар тарқаётир.
XS
SM
MD
LG