Линклар

Вазир “бор”, ногирон “йўқ” дейди


Тўлқин 2004 йилнинг “Меҳр ва муравват йили” деб эълон қилингани муносабати билан 15 декабрь куни Ўзбекистон меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Оқилхон Обидов иштирокида ногиронларнинг ижтимоий муҳофазасига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

О.Обидовнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда 800 мингдан ортиқ ногирон мавжуд. Пенсия таъминоти, ишсизликнинг олдини олиш ва ногиронларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш вазирлик фаолиятининг асосий йўналишларини ташкил этади.

Статистик маълумотларга кўра, мамлакатдаги 800 мингдан ортиқ ногироннинг 229 мингдан кўпроғи туғма, 127 минги эса 16 ёшга тўлмаган ногирон болалардир.

Болаларнинг ногирон бўлиб дунёга келаётганига сабаб, О.Обидовнинг таъкидлашича, аёлларнинг турли касалликларга, жумладан, камқонликка чалинганидир.

Мутахассисларнинг эътирофича, аёлларнинг касалланишига экология муаммолари ва кам таъминланганлик туфайли меъёрий овқатланмаслик бош омил ҳисобланади.

О.Обидов Ўзбекистонда бугунги кунда ногиронлар учун 20 турдаги турли имтиёзлар мавжудлигини маълум қилди.

Аммо унинг бу маълумотлари ногиронларнинг ўзлари томонидан рад этилмоқда. 1 гуруҳ ногирони, кўзи ожизлар босмахонаси мутахассиси Рихсивой Аббосхоновнинг билдиришича, илгари газ, сув, электр энергиясига 50 фоизлик имтиёз бор эди. Ҳозир бу имтиёзлар бекор қилинган.

“Самолёт чиптаси, дори-дармон ва шу каби бошқа имтиёзлар ногиронлар учун ҳар доим ҳам керак бўлавермайди. Ногиронларнинг оғирини енгил қилувчи асосий имтиёз коммунал хизматларга бўлган имтиёзлар эди”, дейди Р.Аббосхонов.

О.Обидов ногиронларнинг фаолият кўрсатмаётган корхоналари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, вазирлик томонидан уларга маблағ ажратиш амалиёти ўзини оқламаганини таъкидлади. Унинг айтишича, корхоналарни оёққа турғизиш, ҳомий жалб этиш масалаларини ечиш учун ногиронларнинг ўзлари ҳам ҳаракат қилиши керак.

Халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда бир кишининг бир ойлик яшаш харажатлари ўртача 140 минг сўмни ташкил этади. Р.Аббосхоновнинг сўзларига қараганда, ногиронларнинг ишсизлиги кескин муаммога айланган. Уларнинг нафақаси ўртача 16 минг сўмни ташкил этмоқда.

“Ногиронларнинг баъзилари қўшимча даромад қилиш мақсадида бозорларда, кўча-куйда гадойлик қилишга мавбур бўлмоқда”, деди Р.Аббосхонов.
XS
SM
MD
LG