Линклар

Темир панжара ортидаги ҳақиқат....


Шайбон Маълумотларга қараганда, БМТнинг қийноқлар масалалари бўйича махсус вакили Тео ван Бовеннинг Ўзбекистонга ташриф буюрганига бир йил, унинг ушбу ташриф натижаси ўлароқ берган тавсиялари асосида Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази томонидан Миллий дастур лойиҳаси ишлаб чиқилганига салкам тўрт ой бўлди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг айтишича, гарчи расмий Тошкент Тео ван Бовен тавсияларини қабул қилган бўлса-да, мамлакатда қийноқлар камаймаган. Буни Алматов ҳам, Қодиров ҳам, Иноятов ҳам тўхтата олмайди. Қийноқларни тўхтатиш фақат Президент Ислом Каримовнинг иродасига боғлиқ, деди Т.Ёқубов.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Ўзбекистондаги вакиласи Матильда Богнер ташкилот томонидан қийноқлар юзасидан ўтказилаётган мониторинг натижалари мамлакатда бу борада ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганини кўрсатаётганини таъкидлади.

“Қийноқлар ҳақида кунора маълумот олиб турибмиз. Шундан хулоса қилиб айтиш мумкинки, дастлабки тергов чоғида ҳам, суд жараёнлари пайтида ҳам, ҳатто жазони ўташ муассасаларида ҳам қийноқлар давом этмоқда”, деди М.Богнер.

Бундан бирмунча муқаддам Жазони ижро этиш бош бошқармаси масъулларидан бири Абдукарим Шодиев қамоқхоналарда қийноқлар мавжудлигини инкор қилганди. “Ҳар бир маҳбус қийноққа тутилса, тегишли идораларга арз қилиш ҳуқуқига эга”, деган эди у.

А.Шодиев назарда тутган назоратнинг мавжудлигини М.Богнер ҳам тасдиқлади.

Аммо, унинг таъкидлашича, назоратни амалга оширадиган органлар фаолиятини самарали, деб бўлмайди. Бу органлар аксарият ҳолларда муаммони жойида бости-бости қилишга, овоза бўлмаслиги учун тегишли чора кўришга ҳаракат қилади. Баъзан эса мазкур орган ходимлари маҳбусларга зуғум ўтказиб, шикоятлардан воз кечишга мажбур қилади.

М.Богнер сўзларига қараганда, жазони ўташ муассасаларидаги вазият бўйича жамоат назорати ҳам жорий этилган. Бу вазифани Қизил хоч халқаро ташкилоти бажаради. Бироқ бу ташкилот хулосалари ҳеч қачон ошкор этилмайди, деди М.Богнер.

Шунингдек, “Ҳьюман райтс уотч” вакиласи Инсон ҳуқуқлари миллий маркази томонидан ишлаб чиқилган Миллий дастур ҳали қабул қилинмаганини билдирди. Унинг лойиҳаси бўйича якуний хулосалар ҳам маълум эмас экан.

Т.Ёқубов мазкур дастур хусусида гапириб, уни Ўзбекистон ҳукуматининг лўттибозлиги, деб атади. Бу дастур халқаро ҳамжамиятни чалғитиш мақсадига хизмат қилади, деди Т.Ёқубов.

“Озодлик” мухбири мавзу юзасидан Жазони ижро этиш бош бошқармаси ва Инсон ҳуқуқлари миллий марказига қилган мурожаатлари жавобсиз қолди. Юқоридаги суҳбатдошларнинг фикрича, афтидан расмийлар темир панжара ортидаги ҳақиқат ташқарига чиқишини истамайди.
XS
SM
MD
LG