Линклар

Байрам арафасидаги назорат


Кузатувчиларнинг эътироф этишича, Ўзбекистонда байрамлар арафасида диндорлар, мухолифат ва инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қаттиқ назорат остига олинади. Хусусан, Конституция куни арафасида ҳам шундай ҳолат кузатилган.

Марғилонлик Аҳмаджон Мадумаровнинг икки фарзанди бир неча йил муқаддам Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси (Конституциявий тузумга тажовуз қилиш) билан айбланиб, озодликдан маҳрум этилган эди. Унинг айтишича, Конституция куни арафасида ҳуқуқ-тартибот ходимлари махсус рўйхатдагилардан ҳар бирининг хонадонида бўлиб, мабодо байрам кунлари норозилик чиқиши бўлса, улардан қатнашмаслик тўғрисида огоҳлантирган.

Андижонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Лутфулло Шамсиддиновнинг сўзларига қараганда, мазкур байрам муносабати билан Андижон шаҳрида ҳам шундай ҳолат кузатилган.

“Эрталаб соат 6-7 ларда милиция ходимлари эски шаҳар ҳудудини ўраб олди. Шу куни Андижонга АҚШ элчихонаси вакили Майкл Вудман келиб, “Ҳизбут таҳрир” оқимига алоқадорлар билан учрашган эди. Милиция ходимлари ушбу оқимга мансубликда айбланиб, қамалганларнинг оила аъзоларини норозилик чиқиши уюштирмаслик ҳақида огоҳлантириб, уйларини қўриқлаган”, деди Л.Шамсиддинов.

Наманган шаҳридаги “Навбаҳор” фуқаролар йиғини расмийларидан бирининг таъкидлашича, байрамлар арафасида ЖКнинг 159-моддаси билан қамалган диндорларнинг оиласига ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмайди. Балки улар назорат қилинади, холос, деди у.
XS
SM
MD
LG