Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:13

БМТ Бош Котиби ҳокимиятни ироқликларга топшириш тарафдори


A. ARAL БМТ Бош Котиби Хавфсизлик Кенгашининг 16 декабрдаги йиғилишида сўзлаган нутқида, ҳокимиятни АҚШ етакчилигидаги коалициядан Ироқ муваққат ҳукуматига топшириш, кечиктириб бўлмайдиган иш эканлигини таъкидлади.

"Муваққат ҳукумат шаклида ироқликлар суверенлигини қайта тиклаш кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. Балки эркин, адолатли ва муносиб сайловлар ташкил этишга етарли вақт бўлмаслиги мумкин. Аммо муваққат ҳукумат ташкил этишга етакловчи жараëннинг очиқ ва жамиятдаги қатламларни қамраб олиши ўта муҳимдир", - деди Кофи Аннан.

У шунингдек, Хавфсизлик Кенгашидан Ироқдаги БМТ сиëсий ролини очиқ белгилаб бериш ва шу орқали БМТнинг Ироққа қайтиш-қайтмаслиги борасида қарор чиқаришга ëрдам беришни сўради.

АҚШ оғизда Ироқда БМТ "муҳим" рол ўйнашини қўллаб-қувватлашини айтсада, айни пайтда ташкилотнинг асосий вазифаси инсонпарварлик ëрдамлари билан шуғулланиш ва унинг сиëсий роли чегараланган бўлишини қайд этиб келмоқда.

Ҳозирда Аннан, 19 августда Бағдодда БМТ ходимларига қарши қилинган террор ҳужумидан кейин тўхтаб қолган БМТ миссиясини қайта жонлантиришга киришди. Ироқдаги хавфсизлик вазияти БМТ ходимларининг қайтиб боришларига имкон бергунига қадар ташкилот ўз миссиясини Қибрисдан туриб амалга оширмоқда.

Ироқ Ташқи Ишлар Вазири Ҳушëр Зебарий БМТ халқаро мутахасисларини Ироққа қайтариши кераклигини таъкидлаб, аксарият соҳаларда бундай ëрдамнинг зарурлигини баëн этади. Зебарийнинг айтишича, айниқса, келаси йилга мўлжалланган сайлов ва сиëсий жараëнлар олдидан Ироқнинг БМТ ëрдамига зарурати бор.

"19 август воқеаси туфайли БМТга катта талафот етганини тушунамиз. Аммо БМТ бошқа кўплаб хавф-хатарли ва мураккаб вазиятда фаолият олиб бормоқда. Биз ташкилот намоëндаларнинг Ироққа қайтиши учун керакли хавфсизлик чораларини кўришга тайëрмиз", - дея таъкидлади Ироқ Ташқи Ишлар вазири.

Франциянинг БМТдаги элчиси Jean-Mark de La Sabliere га кўра, Ироқ сиëсий жараëни, зўравонликларга қарши бўлган барча сиëсий томонларни ўз ичига олиши керак.

Германиянинг БМТдаги элчиси Гунтер Плеугер эса, мамлакати Ироқ полициячилари ва армия офицерларига машқ беришни таклиф этганини билдирди.

Британиянинг БМТдаги элчиси Жонс Пэррининг мухбирларга айтишича, ўтиш даври ҳукумати ҳокимиятни ўз зиммасига олгунига қадар БМТнинг Ироқда муҳим рол ўйнашини кутиб бўлмайди. Бундай ҳукуматни ташкил этиш эса 2004 йилнинг июл ойига мўлжалланган.

АҚШ расмийлари, БМТ Хавфсизлик Кенгаши ироқликларнинг ўз-ўзини бошқариш режасини қўллаб-қувватлашига умидворлик билдирмоқдалар.
XS
SM
MD
LG