Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:42

Жилтўқсон


"Ҳар бир халқ ҳаëтида унутилмас воқеалар бўлади.
"Жилтўқсон қўзғолони" қозоқ халқи учун ана шундай воқеадир" - дейди мазкур воқеа ҳақида хужжатли филмни суратга олган режиссер Қолдибой Абенов:

"Жилтўқсон қўзғолони 1986 йилнинг қаҳратон совуқ ҳукм сурган 17 декабр куни юз берган эди. Бу қозоқ тарихидаги улуғ довон ошиш бўлди. Бугун вақт ўтиб бу воқеа ҳамон эсимизда, ëдимизда,юрагимизда сақланиб, элим деб ҳайқирган эрларнинг кўк байроғига айланди. Унутишга хаққимиз йўқ."

Қозоқ режиссëри унутишга ҳаққимиз йўқ деб айтаëтган воқеаларни тингловчига эслатиб қўйсак.
1986 йил 16 декабр. Қозоғистоннинг биринчи раҳбари Динмухаммад Кунаев ишдан олиниб ўрнига Колбин тайинланди.
Бундан норози бўлган студентлар шу куни кечқурун ҳукумат биноси олдига тўпланишди. Намойишнинг биринчи куни тинч ўтди.
17 декабр куни кечқурун намойиш қатнашчиларига қарши куч қўлланилди.

Норозилик намойишининг совет хавфсизлик хизмати ходимлари, милиция ва армия тарафидан бостирилганлиги оқибатида 4 киши қурбон бўлганлиги расмий маълумотларда айтилса-да, аслида қурбонлар сони бундан ҳам кўп эди,дейди ўша воқеаларни ўз кўзи билан кўрган журналист Сагат Батирханова:

"Уч-тўрт одам ўлди деган гап бу ўша пайтдаги расмий маълумот холос,аслида Жилтўқсон қурбонлари сони бундан бир неча бор кўп. Бу қурбонлар асосан ëшлардан, қозоқ ëшларидан иборат б ўлди."

Режиссер Қолдибой Абенов декабр воқеаларига ҳукумат берган баҳони шундай эслайди:

"Ҳукумат расмийлари Жилтўқсон воқеаси нашавандлар,ароқхўр ва бузғунчилар тарафидан амалга оширилди деб иддао қилишди. Бу гапларни айтаëтганлар ëнида ўша пайтда Олий Кенггаш раиси бўлган Назарбоев ҳам бор эди."

1986 йил июл пленумида КПСС Марказий қўмитаси ва сиëсий бюро таркибидан чиқарилган Динмуҳаммад Кунаев декабр воқеаларида хокимиятга интилаëтган Нурсултон Назарбоевнинг қўли борлигинини айтади. Бу хусусда 1991 йилда Молодая гвардия журналига берган интервюсида Нурсултон Назарбоев шундай фикрни билдиради:

"Ҳар бир инсон ҳаëтида жиддий танлов дақиқалари бўлади. Мен декабр ойида майдонга тўпланганларга қараб ана шундай танлов онлари келганлигини тушундим. Мен ë тинчгина марказқўм биносида ўтиришим керак ë норозилик билдираëтганлар билан бир сафда бўлишим керак эди.Мен иккинчи йўлни танладим."

Айни ўша дамларда советлар мамлакати қайта қуриш тўлқинларида елкансиз қайиқ каби чирпирак урарди. Декабр воқеалари гоҳ марказқўм мажлислари гоҳ СССР Олий кенгаши қўмиталарида муҳокама қилинарди. Бу муҳокамалар адоғига етгунча СССР давлати ҳам тугаб битди. Мустақилликка эришган Қозоғистон парламенти "Жилтўқсон қўзғолони" иштирокчиларини миллий қаҳрамонлар деб эълон қилди, улар хотирасига атаб Олмотада ëдгорлик ўрнатилди.

Режисер Қолдибой Абенов суратга олган филм даврнинг айни эврилишларидан хикоя қилади. "Ëв қочгач кўпайган ботирлар мени даҳшатга солмоқда дейди режиссер:

"Кеча Қизил империя даврида компартия котиби бўлиб ишлаган,ҳозир эса эл бошқарадиган ҳоким,бошлиқ етакчи,бош директор курсиларида ўтирганларнинг ўз ҳалқидан, ўз тилидан жирканаëтганидан ўкинаман."
XS
SM
MD
LG