Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:23

Жаҳонда эркинлик. Фридом Ҳаус хулосаси ижобий


Фарангис Саид Фридом Ҳаус ташкилотининг 18 декабр куни эълон қилинган йиллик ҳисоботига кўра, аксилтеррор уруши бошланганидан буён жаҳонда эркинлик ва демократия соҳасида маълум муваффақиятга эришилган. Дунёнинг 25 мамлакатида ижобий ўзгаришлар кузатилган. 13 давлатда эса жорий йилда вазият ёмонлашган.

Фридом Ҳаус ташкилотининг Матбуот котиби Майкл Голдфарбнинг Озодлик радиосига билдиришича, Ўзбекистон каби айрим бошқа мамлакатларда ҳукумат аксилтеррор урушидан эркинликни чеклаш мақсадида фойдаланаётган бўлса-да, дунёнинг аксарият минтақаларида ижобий ўзгаришлар кузатилган:

- Глобал терроризмга қарши курашда айрим мамлакатлар репрессив чоралар кўраётганига қарамай, умумиятла жаҳонда эркинлик қарор топмоқда. Бу аслида 30 йиллик жараённинг давомидир.

Аксилтеррор уруши бошланганидан буён жаҳонда динлараро зиддиятлар кучайгандек, хусусан Исломга нафрат билан қараётган, ҳамда “Ислом ва демократия бир-бирига зид тушунчалар”, дея фикр билдираётганлар сони кўпаяётгандек туюлмоқда. Аммо Фридом Ҳаус ходими Майкл Голдфарбнинг алоҳида таъкидлашича, жаҳоннинг мусулмон давлатларида ҳам сўнгги бир йилда демократия ва сўз эркинлиги соҳасида ижобий ўзгариш кузатилган:

- Аҳолининг аксарият қисмини мусулмонлар ташкил этадиган мамлакатларда ҳам эркинлик соҳасида силжиш кузатилди. Бу “Ислом ва демократия бир-бирига мос келмайди”, деган фикрнинг нотўғрилигини исботлайди.

Айни вақтда, 2003 йил натижаларига кўра, энг нодемократик давлатлар рўйхатидан, асосан, араб давлатлари ва Марказий Осиё мамлакатлари ўрин олган.

Минтақа ва хусусан Ўзбекистонга оид маълумотларда келаси дастуримизда батафсил тўхталамиз. Ҳозирда эса жаҳоннинг бошқа мамлакатларидаги эркинлик вазиятига оид кузатишлар билан таништиришни давом эттириб, эътиборингизни собиқ совет республикаларига қаратсак.

Ҳа, дарвоқе, ҳисоботда жаҳон мамлакатлари “эркин”, “қисман эркин” ва “эркин бўлмаган”, деган уч тоифага бўлинган. Болтиқ бўйи давлатлари эркин мамлакатлар рўйхатига киритилган. Молдова, Арманистон, Грузия ва Украина қисман эркин, деб белгиланган.

Россия ҳам қисман эркин мамлакатлар рўйхатидан ўрин олган. Шундай бўлса-да, Майкл Голдфарбнинг айтишича, 2003 йилда Россияда кузатилган жараённи салбий баҳолаш лозим:

- Россияда Президент Владимир Путиннинг тобора кучайиб бораётган авторитар қадамларини кузатиш мумкин. Матбуот эркинлиги борасида қўйилаётган чекловларнинг ўзигина фуқаровий эркинликларда орқага қайтиш, демократик жараёнларда эса турғунликка олиб келди.

Фридом Ҳаус ҳисоботида, шунингдек, Россияда 7 декабр куни ўтказилган парламент сайловларига ҳам салбий баҳо берилади. Ушбу сайловларнинг қай йўсинда ўтказилгани Россиянинг очиқ ва адолатли сайловларга имкон берилган мамлакатлар рўйхатидан ўрин эгаллай олмаслигини намойиш қилди, дейилади ҳисоботда.

Ҳисобот муаллифлари Грузиядаги сўнгги сиёсий ўзгаришларни ижобий баҳолаганлар. Украинада эса, шу ҳафтада бир интернет нашри журналистининг ўлдирилиши вазият ёмонлашаётгани ҳақидаги хулосага келишга асос бўлган. 2003 йилда демократия борасида салбий жараён кузатилган давлатлар орасидан Озарбайжон ҳам ўрин олган.
XS
SM
MD
LG