Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:35

Франция ҳукумати “рўмол”ни таъқиқламоқчи


Икки ой олдин Лила ва Алма исмли парижлик ўқувчи қизларнинг дарсга рўмол ўраб келганликлари учун ўқишдан ҳайдалганликлари Франция мусулмон жамоасида жиддий эхтирослар уйғотган эди. Франция Президенти Жак Ширакнинг жамоат жойларида яққол кўзга ташланувчи диний рамзларни таъқиқлашга чорловчи баёноти эса бу эҳтиросларни янада оловлантирди.

Ширак қўллаб-қувватлаётган янги қонун лойиҳаси мактаб ва олий билим даргоҳларида нафақат муслима қизларнинг ҳижобда юришлари, балки яҳудийларнинг тақя кийишлари ва насронийларнинг кўзга яққол ташланувчи хоч тақиб юришларини ҳам ман этади.

"Яққол кўзга ташланувчи диний либослар ва бошқа диний рамзлар бошланғич ва ўрта мактаблар, олий билим юртларида таъқиқланиши керак деган фикрдаман", - дея баёнот берди Франция Президенти Жак Ширак.

Маълумки, Франция узоқ йиллардан бери дин давлатдан айри бўлиши керак, деган дунёвий ғояларга содиқ қолиб келмоқда. Айни ғоя давлат мактаблари ҳар қандай дин элементларидан холи бўлиши кераклигини ҳам назарда тутади. Президент Ширак жамоат жойларида диний рамзларни таъқиқловчи янги қонун лойиҳасини ҳимоялар экан, секюларизм, яъни дунёвийлик ғояси ҳеч қачон эътиқод эркинлигига ғов бўлмаганини урғулади.

"Секюларизм эътиқод эркинлигини кафолатлайди. Бу ғоя инсонларнинг динга ишониш ёки ишонмаслик ҳуқуқларини ҳам ҳимоялайди ва ҳар бир кишига бошқа дин вакилларига ҳалал бермаган холда ўз динига итоат этиш имконини беради", - деди Ширак.

Кузатувчилар фикрича, муслима аёллар ўз диний эътиқоди рамзи сифатида ўрайдиган рўмолнинг сўнгги пайтларда Франциянинг катта шаҳарларида, айниқса ёш қизлар орасида оммалашгани Ширак маъмуриятини унга қарши қонуний чора кўришга ундаган. Гарчи, Францияда қабул қилиниши кутилаётган янги қонун нафақат муслима қизларнинг ҳижобда юришларини, балки яҳудийларнинг тақя кийишлари ва насронийларнинг бут тақиб юришларини ман этса-да, бу мусулмон жамоасини кўпроқ ташвишлантирмоқда. Чунки, беш миллионлик мусулмон аҳолисига эга Францияда яҳудий ва насроний мактабларига қараганда, алоҳида мусулмонлар учун мўлжалланган мактаблар сони жуда оз. Шу боис кузатувчилар келажакда янги чеклов мусулмонларнинг янада кескин эътирозларига сабаб бўлишини таъкидлашмоқда. Франция олий мактабаридан бирида тахсил олаётган Шарлот исмли талаба бу ҳақда шуларни айтади:

"Инсонларнинг диний либосда ёки бошқа диний рамзлар тақиб юришлари шахсан менга халақит бермайди. Мазкур қонун ёмон эмас, лекин у хавфли бўлиши мумкин. Менимча, диний рамзларни таъқиқлаш улар эгалари ғазабини қўзғотади. Бу эса жуда хавфли".

Кескин чора тарафдорлари эса муслима қизларнинг мактабга рўмол ўраб келишлари Францияда шаклланган секюларизм ғояларига хавф туғдиришини айтишади. Франциялик Астрид исмли яна бир талаба ҳижоб унинг учун аёлларга нисбатан зулм рамзи эканини таъкидлайди.

"Менимча қонуннинг қабул қилиниши ўринли бўларди. Чунки, шахсан мен учун "ҳижоб" аёлларни мажбурлаш рамзидир. Дунёвий давлатда ҳижобда юриш эса францияликларнинг демократик рухиятига салбий таъсир қилади".

Агар Франция айни қонунни қабул қилса, у Европа давлатлари орасида диний либосларга чек қўйган биринчи давлат бўлади. Бунинг эса қўшни ҳукуматларни ҳам шундай чораларга ундаши мумкинлиги айтилмоқда.

Масалан, Европа давлатлари орасида мусулмон аҳолиси сони жиҳатдан Франциядан кейин иккинчи ўринда турадиган Германиянинг Баден-Вурттемберг минтақасида икки ой олдин ўқитувчиларнинг рўмолда ишга келишларини таъқиқловчи қарор қабул қилинди. Бу эса кўплаб ўқитувчиларнинг ишдан кетишига сабаб бўлган эди.

Шу йил бошларида эса Нидерландияда келиб чиқиши мағриблик бўлган икки қиз дарсга рўмола келганликлари учун ўқишдан ҳайдалган эдилар. Кузатувчилар Европада диний озчиликка нисбатан бундай ёндашув келажакда йиллар давомида шаклланган динлараро мулоқот ва тоқатда бўлишлик ғояларига жиддий путур етказиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқдалар.
XS
SM
MD
LG