Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:56

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг 2003 йилги ҳисоботи.


Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти ҳисоботида дунё бўйича соғлиқни сақлаш соҳаси олдида турган асосий муаммолар қайд этилган. Ҳисоботда бой ва камбағал давлатларнинг соғлиқни сақлаш тизими ўртасида кенгайиб бораётган тафовудни камайтириш аҳамиятига эътибор қаратилган.

Ҳисоботда дунё мамлакатларида аҳолининг ўртача умр давомийлиги, Иммун тақчиллиги вируси ва ОИТСга оид маълумотлар келтирилган. Хужжатда шунингдек, юқумли бўлмаган касалликлар ҳамда оналар ва болалар ўлими ҳолларини камайтириш, асримиз бошида турган долзарб муаммолар сирасига кириши билдирилган.

Ҳисобот муаллифларидан бири Роберт Бийглхоул Озодлик радиосига муаммолар ҳақида шундай дейди: “Ҳисоботда дунёнинг баъзи минтақаларида ташкилот ўз мақсадларига эришаётгани билдирилган. Бироқ, айрим соҳаларда, масалан болалар ўлими, айниқса беш ёшгача бўлган болалар ўлими сонини камайтиришда эришилаётган натижалар шу суръатда давом этса, аср ўртасига бориб кўзланган мақсадга эриша олмаслигимиз мумкин”.

Ҳисоботда дунё давлатларида аҳолининг ўртача умр давомийлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотига кўра, сўнгги 50 йил мобайнида дунё аҳолисининг умр давомийлиги қарийб 20 йилга узайган.

Ташкилоти вакили Ремис Прохорскаснинг Озодлик радиосига маълум қилишича, ривожланган давлатлардан фарқли ўлароқ, ҳозирги кунда собиқ Совет республикалари, жумладан Марказий Осиёда аҳоли орасида ўлим сони кўпайган ва умр давомийлиги қисқарган: “Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин унинг таркибида бўлган республикаларда чуқур ижтимоий-иқтисодий бўҳрон юзага келди. Ўз навбатида, бу аҳоли орасида ўлим сони кўпайиши ва умр давомийлиги қисқаришига сабаб бўлди“, - дейди Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти вакили.

Ремис Прохорскасга кўра, Совет Иттифоқининг парчаланиши арафасида ва 90 йиллар бошида собиқ Совет республикалари, жумладан Марказий Осиё республикаларида ўлим сони камайган ва ўртача умр кўриш узайган. Мутахассис фикрича, ўша даврда ижобий ўзгаришга ўрта ёшдаги одамларнинг спиртли ичимликларни камроқ истеъмол қилгани сабаб бўлган: “Ўрта ёшдаги одамлар, айниқса эркаклар ҳақида гапирадиган бўлсак, инсоннинг узоқ умр кўриши унинг турмуш тарзи билан чамбарчас боғлиқ. Маълумки, саксонинчи йилларда Президент Михаил Горбавёч спиртли ичимликларга қарши кураш кампаниясини бошлаган. Агар статистик маълумотларга қарасак, ўша даврда мамлакатда ўлим сони камайган ва ўртача умр давомийлиги узайган эди“, - дейди Ремис Прохорскас.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти ҳисоботида, ҳозирги кунда 32 миллион одам юрак касалликларидан, беш миллион одам эса чекиш билан боғлиқ хасталиклар оқибатида вафот этаётгани билдирилган.

Ҳисоботда Иммун тақчиллиги ва ОИТСга қарши кураш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан бири экани алоҳида таъкидланади. Ўтган йил дунё бўйлаб беш миллион одам Иммун тақчиллиги вирусини юқтирган ва икки миллион одам ОИТСдан вафот этган.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти мутахассиси Ирина Ерамованинг Озодлик радиосига айтишича, Марказий Осиё республикаларида Иммун тақчиллиги вируси ва ОИТС ҳозирда у қадар тарқармаган бўлсада, бу жараённинг олдини олиш масаласига жиддий эътибор қаратишлари керак: “Марказий Осиё давлатларидаги вазият Россия, Украина ёки Ғарбий Европа давлатларига қараганда анча яхши. Чунки, бу мамлакатларда эпидемия эндигина тарқалмоқда. Муаммо бошқа давлатлардаги каби жиддийлашиб кетмаслиги учун ҳозир барча имкониятни ишга соладиган вақт. Бу ишда халқаро ҳамжамият ҳам ёрдам беради”, - дейди Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Ирина Ерамова.
XS
SM
MD
LG