Линклар

logo-print

ПРЕЗИДЕНТЛАР ХАЛҚ БИЛАН ҚАНДАЙ ГАПЛАШАДИЛАР?


Сарвар УСМОН. Россия Президенти Владимир Путин 18 декабр куни мамлакатнинг марказий телеканаллари орқали россияликларнинг бир қатор саволларига жавоб берди.

Мулоқот пайтида Россия президенти "амалдорлар ўз кабинетларида суратингизни осиб қўйишларига қандай қарайсиз", деган саволга аввал бироз чайналиб, сўнгра "амалдаги президент - байроқ, герб ва мадҳия каби давлат рамзларидан бири, шунинг учун ҳам президентнинг суратини осиб қўйишларининг зарари йўқ", деб жавоб берди.

Россия президентининг бошқа баъзи баёнотлари билан таништириш баробарида Марказий Осиё мамлакатлари президентлари ҳам халқ билан мулоқот қилиб турадиларми, деган саволга жавоб излаймиз.

Минтақага бироздан кейин ўтамиз. Ҳозир эса Президент Путиннинг баъзи жавоб-баёнотларига тўхталсак. У келаси йилнинг 14 мартига белгиланган сайловларда иккинчи муддат президентлигига номзод сифатида қатнашишга тайёр эканлиги тўғрисида яқин кунларда баёнот беражагини билдирди:

- Мен ўз қароримни яқин кунларда эълон қилишни мўлжаллаб турибман. Сайловолди кампанияси эндигина бошланди. Бу масалага қизиқаётганларнинг кўп эканлигини биламан. Жавобим аниқ. Ҳа, президентликка номзодимни қўяман, - деди Владимир Путин.

Россия Президентининг яна бир гапига эътиборингизни қаратмоқчимиз. У "Россия руслар учун" деган фашистик шиорларни кўтариб чиқаётганларга муносабат билдириб, бундай кишиларни "довдирлар" ва "иғвогарлар", деб атади.

Мана энди, Марказий Осиё президентлари ҳам халқ билан бевоситами ёхуд билвоситами - учрашиб турадиларми, деган масалага тўхталсак.

Ўшлик Мамиржон Шокировнинг гувоҳлик беришича, Қирғизистон Президенти ҳар йили телевидение орқали мамлакат аҳолиси саволларига жавоб беради.

Умуман, Қирғизистон Президенти халқ билан мулоқот қилиш учун телевидениедан фойдаланишни 1998 йили бошлаган ва бу соҳада уни МДҲ мамлакатлари президентлари орасида биринчилардан дейиш мумкин, дейди қирғиз журналисти Эсенбай Нурушев. Президент Акаев телемулоқотни одатда ёз ойларида ўтказади.

Туркманистонлик Ёвшан Аннагурбан Турманистон Президенти Сапармурад Ниёзовнинг халқ билан бевосита мулоқот қилганини эслай олмайман, дейди:

- Туркманистон президенти сўнгги 10 йил давомида халқнинг саволларига жавоб берган эмас. Тўғри, президент телевизорни икки-уч соатлаб бўшатмайди. Бироқ, бу вазирлар маҳкамасининг узундан узоқ мажлисларидан репортажлардир, - дейди Ёвшан Аннагурбан.

Яна бир суҳбатдошимиз – ўзбек тилида Чимкентда нашр этилувчи Жанубий Қозоғистон газетаси муҳаррири Абдумалик Фармонов айтишича, Қозоғистон Президентининг ҳам телевидение орқали халқнинг саволларига жавоб бериш одати йўқ.

"Бироқ, - деб давом этади у, - Нурсултон Назарбоев турли партиялар, айниқса, нодавлат ташкилотлари вакиллари билан тез-тез мулоқот қилиб туради. Шунинг учун унга савол билан мурожаат қилиш имконияти бор."


Хўш, Ниёзов ва Назарбоевдан фарқли ўлароқ Путин билан Ақаев телевидение орқали халқнинг саволларига жавоб берар эканлар, бундан бирон самара борми? Балки халқ билан бундай мулоқот популизмдан бошқа нарса эмасдир?

Ўшлик тингловчимиз Мамиржон Шокировнинг бу саволларга "Ҳа", деб жавоб бергиси йўқ. Унинг фикрича, балки телемулоқот пайтида кўтарилган муаммоларнинг ярми ҳам ҳал қилинмас, бироқ, халқ дардини президентнинг ўзига айтиб олишининг ўзи - катта гап.

Эътибор берган бўлсангиз, мақолада яна бир мамлакат - Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг халқ билан мулоқот қилиш услуби тўғрисида сўз бўлмади. Мавзунинг алоҳида суҳбатга арзийдиган бу қисмини бошқа кунга қолдирамиз...
XS
SM
MD
LG