Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:47

БОШ ПРОКУРОРНИНГ УКАСИ ВА ҚИЗИ НАРКОТИКФУРУШМИ?


Сарвар УСМОН. Россияда чиқадиган "Время новостей" газетаси ўзининг 19 декабр сонида Туркманистон республикаси Бош прокурори Қурбонбиби Отажонова қамоққа олинди, деб хабар берди.

Газетага кўра, Бош прокурор мамлакат вазирлар маҳкамасининг 17 декабр кунги мажлиси пайтида, ҳукумат биносида ҳибсга олинган.

Газета хабарини ўқибоқ, Озодлик радиоси Туркман хизматига чопдик. Ҳамкасбларимиз бу хабарни ҳозирча тасдиқлай олмасликларини айтдилар. Шундан сўнг Москвага, газета материали муаллифи Аркадий Дубновга телефон қилинди. Аркадий бир неча манбадан олган маълумотига таяниб хабар берганини билдирди.

2002 йилнинг кузида Туркманистон Президентига суиқасд уюштирганлар устидан ўтказилган суддан сўнг бутун жаҳонга танилиб кетган Бош прокурор Қурбанбиби Отажонова тўғрисида бу гапларнинг пайдо бўлиши бежиз эмас.

Озодлик радиосининг Туркманистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги ва бошқа бир қатор ишончли манбаларидан олинган маълумотларга қараганда Бош прокурорнинг укаси ва қизи гиёҳванд моддалар контрабандаси билан шуғулланади.

Озодлик радиоси Туркман хизмати ходими Рўзиназар Худойбердиев манбалардан олинган маълумотларига таяниб "Туркманистон Бош прокурори Қурбанбиби Отажонованинг укасини 20 килограмм героин билан Туркманистоннинг Миллий Хавфсизлик вазирлиги ходимлари қўлга олганлар", деди.

Туркманистондан олинган бошқа мактубда Бош прокурорнинг укаси героин билан Кака туманининг Оқсув қишлоғида қўлга тушгани айтилади. Оқсув қишлоғи Туркманистон-Эрон чегарасидаги қишлоқдир. Худди шу манба Бош прокурорнинг қизи ҳам 15 ярим кг героин билан қўлга олингани тўғрисида хабар беради. Манбалар ўз исмларини ошкор этмасликни сўраганлар.

Туркманистондан олинган мактуб муаллифи - ҳуқуқ- тартибот органидаги манбанинг таъкидлашича, Бош прокурор яқинларининг наркотиклар контрабандаси билан шуғулланишларини Миллий Хавфсизлик вазирлиги ходимлари олдиндан билганлар, бироқ, ўз раҳбарлари Батир Бурсаковнинг рухсатисиз уларга қарши бирон чора кўра олмаганлар. Ўтган ойда Туркманбоши Бурсаковни тажрибасизликда айблаб ишдан олади ва унинг ўрнига Гуммановни тайинлайди. Янги вазир ишга тўла киришишга улгурмаганидан фойдаланган, Бош прокурорнинг тазйиқларидан зада бўлган хавфсизлик ходимлари унинг яқинларини жиноят устида қўлга туширадилар, дейилади мактубда.

Қурбонбиби Отажонованинг ўзи ва унинг яқинлари атрофида бўлаётган гап сўзларга аниқлик киритиш учун Туркманистон Бош прокуратурасига Озодлик мухбири сим қоқди. Натижа кутилганидек бўлди:
Бош прокуратура ходими саволни эшитиб-эшитмаёқ телефон гўшагини жойига ташлаб қўйди.

Туркманистондаги сиёсий-ижтимоий муҳитдан, Туркманбоши Ниёзовнинг бошқарув усулидан хабардор экспертлар Бош прокурор ҳибсга олинмаган бўлсада, тез кунларда ишдан кетиши мумкинлигига ишонмоқдалар. Чунки бир киши яккаҳоким бўлиб олган мамлакатда давлат амалдорлари коррупция ботқоғига ботиб кетганлар, хусусан, наркотиклар контрабандаси билан шуғулланмаган амалдор деярли йўқ даражада, деган фикрдалар. Ҳатто, мамлакатнинг собиқ Ташқи Ишлар вазири Авди Қулиев Озодлик радиосига берган интервюсида: "Президент саройининг ертўлаларида наркотик моддалар сақланиши тўғрисида бизда маълумотлар бор", деди.
XS
SM
MD
LG