Линклар

logo-print

15 ёшли келинчак


Урганч туманида яшовчи Ойбиби опа ва Султон ака 15 яшар қизи Инобатни қўшнисининг ўғли Зафарбекка турмушга берди.

“Худо қиз фарзанд берганига шукур,- дейди ёш қизини эрга берган онахон. – Иқтисодий оғир аҳволга тушиб қолган эдик. Яхши оиладан куёв чиқди. Қалин пули эвазига сал бўлса-да, аҳволимизни ўнглаб олдик”.

Фарзандларига ёш келин олиб бериш баъзи бой-бадавлат хонадонларда урф бўлиб бормоқда.

“Қўлимда давлатим борлигида дабдабали тўй қилсам, бунинг нимаси ёмон? Ҳозир барча бойваччалар шундай қиляпти”, дейди 16 ёшли ўғлига 15 яшар қизни хотинликка олиб берган ота.

Кузатувчиларнинг айтишича, сўнгги вақтларда Хоразмда вояга етмаган қизларни турмушга бериш ҳоллари кўп юз бермоқда. Бунинг турли хил сабаблари борлиги айтилмоқда. Оналар пул ишлаш учун тижоратга берилиб, фарзандлар тарбияси эътибордан четда қоляпти. Бунинг натижасида қизлар енгилтаклик қилиш ҳолатлари учраётир. Ота-она бундай шармандаликдан қутулиш учун қизини ёш бўлса-да, турмушга беришга мажбур бўлмоқда.

Камбағал оилаларда эса қизини эрта турмушга беришнинг иқтисодий сабаби мавжуд, дейди кузатувчилар.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош гинекологи Зиёда Ҳасанова қизларни эрта турмушга беришнинг асосий сабабини оилада тиббий маданиятнинг етишмаслигида кўради. Унинг сўзларига қараганда, аҳоли ўртасида тиббий маданиятнинг ўсиши болалар ва оналар ўлимининг камайишига олиб келади. 15 ёшар қиз туғишга жисмонан ва маънан тайёр эмаслиги оқибатида ёш келинчакнинг соғлиғига жиддий зарар етиши ҳолатлари учраб турибди.

З.Ҳасанованинг таъкидлашича, 15 ёшли оналардан нуқсонли фарзандлар дунёга келиши эҳтимоли жуда баланд. Улардан туғилган фарзандларда бош суяги жароҳатланиши, юрак ва ўпка касалликлари учраши мумкин.

Вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўйича ўринбосари Шоҳида Султонмуродованинг билдиришича, 1998 йил 1 сентябрида амалга киритилган Оила кодексига биноан вояга етмаган қизларнинг турмушга чиқиши, айрим ҳолатларни инобатга олмаганда, мумкин эмас. Вояга етмаган қизлардан туғилган фарзандлар никоҳсиз туғилган ҳисобланади. Улар ёлғиз онадан туғилган чақалоқ сифатида онанинг фамилиясига расмийлаштирилади.

Адлия бошқармасидан олинган маълумотларга қараганда, 2003 йилда вилоятда 645 нафар ёлғиз она қайд этилган.
XS
SM
MD
LG