Линклар

Ватанпарварликми ёки...

  • Садриддин Ашур

Яқинда тарқатилган хабарларга қараганда, Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги 2-мактаб ўқитувчиларидан бир нечаси маош олмай ишлаш ташаббуси билан чиқибди.

Эслатиб ўтамиз, айнан ушбу мактаб ўқитувчилари 26-27 ноябрь кунлари август ойидан буён маош берилмагани боис иш ташлаганди. Маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг айтишича, иш ташлашда иштирок этган муаллимлар раҳбарлар томонидан турли тазйиқларга дучор қилинмоқда.

Маълумотларга кўра, маошсиз ишлаш ташаббуси билан чиққанлар орасида мактаб директорининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари Феруза Шодиева бошлиқ тўрт ўқитувчи бор. Улар бу ҳақда туман халқ таълимига бўлимига мактуб билан мурожаат этган. Мактубда, шунингдек, иш ташлашда қатнашган 30 нафар муаллим уларнинг нормал ишлашига халақит бераётгани ҳам айтилган.

Хат муаллифларининг фикрича, Ватан фидоийси ва Президентга садоқатли фуқаро шундай иқтисодий қийинчиликлар даврида пул тўғрисида ўйламасдан, маошсиз ишлаши зарур экан.

Маълум бўлишича, иш ташлаш ўтказилгандан сўнг ўқитувчиларга фақат август ва сентябрь ойлари учун маош тўланган. Шундан сўнг эса норозилик акцияси ташкилотчиларига тазйиқ ўтказила бошланган.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Самарқанд вилояти бўлими раиси Ҳамидулла Норбековнинг айтишича, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Бобоёров ва туман халқ таълими бўлими мудири Юсуф Муҳаммадиев мактабга келиб, иш ташлаш ташкилотчиларига бу мактабда ўрин йўқлигини билдирган. Ойлик маошларни тўлаш тўғрисидаги талабномага имзо чеккан ўқитувчиларни ҳам ташкилотчиларга қарши қайраган.

Иштихон тумани халқ таълими бўлими мудири Юсуф Муҳаммадиев 26-27 кунлари мактабда умуман иш ташлашнинг ўзи бўлмади деди. Унинг таъкидлашича, ўша кунлари мактабда барча дарслар ўтказилган.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг билдиришича, бир неча ўқитувчининг маошсиз ишлаш ташабуси билан чиқишини расмийлар ташкил этган. Улар шу йўл билан ўзларининг ҳукуматга садоқатини намойиш этмоқчи бўлган.

Ю.Муҳаммадиев эса Феруза Шодиева ва бошқаларнинг маошсиз ишлаш ҳақидаги ташаббуси қанчалик ҳақиқатга яқинлигини уларнинг ўзлари билишини айтди.

Унинг маълум қилишича, 2-ўрта мактаб ўқитувчилари ноябрь ойи маошини олган. Маошларнинг берилишига иш ташлаш акциясининг ҳеч қандай таъсири йўқ, деди у.
XS
SM
MD
LG