Линклар

Эрдўғон ўзбек-турк муносабатларини илитмоқчи


Тўлқин 18 декабр куни Туркия Республикаси Бош вазири Режеп Эрдўғон расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. 20 декабргача давом этадиган ушбу сафар давомида у Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов, Олий Мажлис раиси Эркин Халилов билан музокаралар ўтказади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарларга кўра, музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги куни ва истиқболлари муҳокама этилади. Шунингдек, халқаро терроризмга қарши кураш борасида ҳамкорлик, дипломатик паспортга эга фуқаролар учун визасиз режимни жорий этиш каби масалалар юзасидан ҳужжатлар имзоланади.

Кузатувчилар Ўзбекистон-Туркия муносабатлари мустақилликнинг дастлабки йилларида яхши бўлгани, аммо сўнгги вақтларда ўзаро алоқалар анча сусайганини таъкидлайди.

Маълумотларга қараганда, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми пасайган. Маданий алоқалар ҳам заифлашган.

Кузатувчилар Ўзбекистон-Туркия муносабатларининг ёмонлашувига ўзбек мухолифати вакилларининг маълум йилларда Туркиядан бошпана топгани, ушбу мамлакатнинг турли диний таълимотларнинг кириб келиши сабаб бўлганини тахмин қилади.

Аммо сиёсатшунос Малик Абдуразоққовнинг таъкидлашича, муносабатлар ёмонлашувига асосий сабаб бундан бир неча йиллар муқаддам Туркия ҳукумати тепасига диний партиялар вакиллари келганидир. Ўзбекистонни эса дунёвий Туркия қизиқтириб келган.

Кузатувчилар Режеп Эрдўғон ҳам аслида диний партия вакили эканига эътибор қаратар экан, лекин бу партия анча дунёвийлашганига урғу беради. Шу боис улар икки давлат муносабатлари илиқлашига умид билдиряпти.

М.Абдураззоқовнинг айтишича, бугунги кунда терроризм Туркияга ҳам жиддий хавф солмоқда. Шу сабабли террорризмга қарши кураш борасида икки мамлакат ҳамкорлик қилишга интилаётгани табиийдир.

Маълумотларга қараганда, Туркия ва МДҲ давлатлари ўртасида виза тизими жорий этилмаган. Бироқ Ўзбекистон бундан мустасно.

Кузатувчилар икки давлат ўртасида виза тизимининг бутунлай бекор қилиниши иқтисодиётга катта фойда келтиришини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG