Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:41

Ўзбекистонда тожикистонлик 39 минг муҳожир бор


18 декабрь - Жаҳон муҳожирлар куни. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан олинган хабарларга қараганда, мамлакатимизга келадиган ва кетадиган муҳожирларни расман қайд этадиган ташкилот йўқ.

Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза вазирлигининг меҳнат миграцияси бўлими эса фақат ҳукумат муассасалари орқали бошқа мамлакатга ишга кетган фуқароларнигина ҳисобга олади.

Бироқ бу Ўзбекистонда муҳожирлик муаммоси йўқ дегани эмас. Кузатувчиларнинг таъкидлашича, мамлакатда, асосан, Тожикистон ва Афғонистондан келган муҳожирлар мавжуд.

БМТнинг Қочқинлар масаласи бўйича Олий комиссарлиги Ўзбекистондаги миссияси раҳбари Абдул Карим Гул мамлакатда афғонистонлик 6000 дан ортиқ муҳожир борлигини маълум қилди. Унинг айтишича, бу муҳожирларнинг 2600 нафарига қочқин мақоми берилган. Муҳожирларнинг бир қисмига эса мамлакатда вақтинчалик яшаш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома тақдим этилган.

Абдул Карим Гулнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ҳозир Тожикистондан келган 39 минг муҳожир бор. Лекин уларнинг муаммоси афғон муҳожирлариникидан фарқ қилади. Чунки бу фуқароларнинг аксарияти ўзбек миллатига мансуб. Шунинг учун улар халқаро ҳимояга муҳтож эмас. Уларнинг аксариятига фуқаролиги йўқ шахс гувоҳномаси берилган.

Кузатувчилар Ўзбекистон расмий равишда муҳожирларни қабул қилмаслигига урғу беради. Уларнинг билдиришича, муҳожирлар мамлакатда фақат фуқаролиги йўқ шахс мақомида яшаши мумкин. Лекин бу шахслар Ўзбекистон фуқаролари учун белгиланган ҳуқуқлардан (сайлов, ҳарбий хизмат ва бошқалардан ташқари) фойдаланиш имкониятига эга.

Ўзбекистон фуқаролари, асосан, АҚШ, Россия, Исроил, Германия ва Буюк Британия каби давлатларга кетиши кузатилмоқда. Норасмий манбаларга кўра, Ўзбекистондан ҳар йили қарийб 3 миллион киши Россияга ишлагани кетади. Уларнинг бир қисми ўша ерда муҳожир сифатида қолиб кетади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов маълум қилишича, халқаро ҳужжатларда бир давлат парчалангач, унинг фуқаролари парчаланган давлатнинг исталган ҳудудида яшаш ҳуқуқига эга экани белгиланган. Лекин собиқ Иттифоқ ўрнида вужудга келган мамлакатлар фуқароларнинг мазкур ҳуқуқини бузмоқда. Масалан, Ўзбекистонга Қирғизистон ва Тожикистондан кўчиб келган оилалар ҳозирга қадар фуқаролик мақомини олгани йўқ, дейди Т.Ёқубов.
XS
SM
MD
LG