Линклар

Ўзбекистонда эркинлик. Фридом Ҳаус хулосаси салбий


Фарангис Саид Фридом Ҳаус ташкилотининг 18 декабр куни эълон қилинган йиллик ҳисоботига кўра, Марказий Осиёнинг беш республикаси эркин бўлмаган мамлакатлар орасидан ўрин олган. Бу тоифа ичида Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга 5,5 баҳо, Ўзбекистонга 6,5, Туркманистонга эса 7 баҳо берилган. Таъкидлаш жоиз, Фридом Ҳаус мезонига кўра, инсон ҳуқуқлари бузилиш ҳоллари қанча кўп бўлса, вазиятни белгиловчи баҳо, кўрсаткич шунчалар баланд бўлади.

Фридом Ҳаус матбуот котиби Майкл Голдфарб Озодлик радиоси мухбири суҳбатда Марказий Осиёдаги вазиятни шундай баҳолайди:

- Марказий Осиё собиқ совет ҳудудларидаги озодлик ва эркинликка энг кучли қаршилик кўрсатаётган минтақа бўлиб қолмоқда. Болтиқбўйи давлатлари, айниқса, Марказий ва Шарқий Европада жуда сезиларли силжиш юз берди. Аммо Марказий Осиёда демократик жараёнлар ҳали бошлангани ҳам йўқ.

Бу фикрга қўшилар экан, ташкилотнинг етакчи таҳлилчиси, йиллик ҳисобот муаллифларидан бири Адриан Каратницкий минтақадаги вазиятни янада кескин баҳолаб, Туркманистон ва Ўзбекистонга алоҳида эътибор қаратади:

- Марказий Осиё мамлакатларидаги репрессиялар шу даражага етдики, бундан сўнг вазиятнинг янада ёмонлашишини кузатиш ҳам қийин. Албатта, бизнинг рейтингимизга кўра, жаҳондаги энг эркин бўлмаган давлатлар орасидан Туркманистон ва Ўзбекистон ўрин олган. Улар дунёдаги 192 давлат орасида энг паст ўрин эгаллаган 10 мамлакатдан иккисидир. Бу мамлакатларда сиёсий вазият назорат қилинади, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги аҳвол эса энг ёмон.

Фридом Ҳаус хулосаларига кўра, демократия, инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги масаласида Ўзбекистон Хитой, Эритрея, Лаос, Сомали ва Вьетнам билан бир гуруҳга киритилган.

Туркманистондаги вазият эса Шимолий Корея, Куба, Судан ва Сирия билан бир гуруҳда бўлиб, ундаги вазият дунёнинг 192 мамлакатидаги энг ёмон, деб белгиланган.

Фридом Ҳаус ташкилоти матбуот котиби Майкл Голдфарб фикрича, Ўзбекистондаги вазият сўнгги бир йилда ҳеч ўзгармаган:

- Вазият ўша-ўшалигича қолмоқда. Ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Вазият ёмонлашмади, лекин сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаровий эркинликлар соҳасида яхшиланиш ҳам кузатилмади.

Шундай дер экан, Фридом Ҳаус ташкилоти ходими, бунинг сабаби ўлароқ Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган сиёсатни кўрсатади:

- Ўзбекистонда озодлик масаласида сўнгги бир неча йил давомида ҳеч қандай силжиш кузатилмади. Бунинг қатор сабаблари бор. Ўзбекистон ҳукумати нодемократик ҳукумат бўлиб, у олиб бораётган сиёсат натижасида фуқаролар ўз эркинликларидан фойдалана олмайдилар. Журналист ва инсон ҳуқуқлари фаолларига доимий босим кўрсатилади.

Фридом Ҳаус ташкилоти ходимлари дунёнинг 192 мамлакати, шу жумладан, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига оид хулосаларини билдирар эканлар, сиёсатчилар уларга қулоқ солишлари ва мамлакат ичи ҳамда ташқарисида олиб борилаётган сиёсатга тегишли ўзгартиришлар киритишларига умид қиладилар. “Аммо, - дейди Фридом Ҳаус матбуот котиби Макйл Голдфарб, - шу кунгача Тошкент расмийлари ҳисоботларга оид ҳеч қандай фикр билдирмай келмоқда”.

- Фуқаролари эркин бўлмаган, демократия қарор топмаган барча мамлакатларда эркинлик қарор топишига, албатта, умид қиламиз. Чунки эркинлик инсониятнинг ягона қадрияти ва мақсадидир.

Майкл Голдфарбнинг айтишича, Фридом Ҳаус ташкилоти барча мамлакатлар, жумладан Ўзбекистонда ҳам вазият яхшиланиши ҳамда сиёсий ва фуқаровий ҳуқуқлар таъминланишига умид қилади.
XS
SM
MD
LG