Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:48

Лифтёрлар иш ташлади


Тўлқин 22 декабрь куни Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйлар учун хизмат қиладиган лифт бошқарувчилари ва механиклари иш ташлаш эълон қилди.

Хабарларга қараганда, улар беш ойдан буён маош олмаётганидан норозилик билдирмоқда. Лифтёрлар талаблари ҳақида тегишли идораларга, жумладан, Тошкент шаҳар ҳокимлигига ариза топшириб, ўзлари назорат қиладиган лифтларни тўхтатиб қўйди. Лифтёрлардан бирининг айтишича, пойтахтнинг, асосан, Мирзо Улуғбек туманидаги 400-500 лифт ишлашдан тўхтаган. Иш ташлаш ойлик бўйича қарз узилганча давом этади, деди у.

Тошкент шаҳар лифт бошқармаси бошлиғи Сергей Дайбловскийнинг маълум қилишича, уй-жой мулкдорлари ширкатлари ташкилотга ўз вақтида пул ўтказиб бермаётгани оқибатида бошқарма ишчиларга ойлик бера олмаётир. Ширкатлар бошқармадан 600 миллион сўм қарздордир. Бошқарма эса ҳозир ўз ишчи-хизматчиларига ойлик маош ҳисобидан 100 миллион сўм қарздор бўлиб қолган.

Тошкент шаҳар лифт бошқармаси аҳоли истиқомат қиладиган кўп қаватли уйлардаги 4500 лифтга хизмат кўрсатади.

Фуқароларнинг айтишича, шаҳардаги кўп қаватли уйларда лифтлар жуда ёмон ишлайди. Сирғали ва айрим бошқа туманлардаги диспетчерлик пунктлари умуман ишламайди.

Баъзи диспетчерлик пункларида пули тўланмагани боис телефонлар узиб қўйилган. Чилонзор туманидаги телефонсиз пунктлардан бирининг лифт бошқарувчиси “Озодлик” мухбири билан суҳбатда навбатчилик вақтини бирор киши лифтга қамалиб қолиб, бахтсиз ҳодиса юз бермасин, деган ҳадикда ўтказишини билдирди.

Кўп қаватли уйлардаги лифтларнинг мисдан ясалган тўхтатиш ғалтаги ва бошқа қисмлари ўғирлаб кетилиши оқибатида улар ойлаб тўхтаб қолади. Лифтёрлардан бирининг айтишича, маош берилмагани боис уларнинг ўзлари ишлаб турган лифтларнинг тўхтатиш ғалтагини ўғирлаб, пул эвазига бошқа лифтларга ўрнатиб беради.

Пойтахт лифт бошқармаси бошлиғи С.Дайбловский яқин 2-3 кун ичида банк бошқармага кредит ажратиши ва лифт хизматчилари байрам арафасида маош олишини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, қарздор ширкатлардаги лифтларни тўхтатиш фикри аслида бошқарма раҳбариятидан чиққан. Бироқ лифт бошқарувчилари ортиқча эҳтиросда берилиб, буни иш ташлаш, деб эълон қилган.
XS
SM
MD
LG