Линклар

logo-print

Кўп қаватли уйларда… печка


Маълумотларга қараганда, Хоразм вилоятида 1991 йилгача қурилган 800 та кўп қаватли уй бўлиб, уларнинг кўпчилигида яшаш шароити жуда оғир бўлиб қолган.

Урганч шаҳрининг Амир Темур кўчасидаги 151-уйда 20 та хонадон мавжуд. Ўтган асрнинг 60-йилларида қурилган бу бино узоқ йиллардан буён таъмирланмаган.

“Ёшим 74 да. Бинода канализация ишламайди, ёғингарчилик пайтида томдан чаккa оқади. Уй совуқ. Шунинг учун касалликдан бошимиз чиқмайди”, дейди 151-уйнинг 12-хонадонида яшовчи Истам Отабоева.

Бу уйда истиқомат қиладиганлар орасида қариялар кўпчиликни ташкил этади. Муаммолардан азият чекаётганлар ҳам, асосан, улар. Пенсионер Бердибой Собировнинг айтишича, уй иситилмасада, уй-жой ширкати ходимлари келиб, иссиқлик учун пул сўрашни канда қилмайди. Ширкат раҳбари, шаҳар ҳокими бу уйга келиб, бир-икки кун яшаб кўрсин, аҳволимизни билади, дейди қария.

Шаҳарнинг “Умид” маҳалласидаги 155-уйда ҳам шу аҳвол. Аҳолининг сўзларига қараганда, уй шифтларидан сув оқиб ётибди. Одамлар кўп қаватли уйда печ қуриб, қишнинг қаҳратонидан сақланмоқда.

Мазкур уйларга хизмат кўрсатувчи 9-уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари Ойбек Султоновнинг таъкидлашича, 155-уй кейинги йилги капитал таъмирлаш режасига киритилган. 151-уйда эса капитал таъмирлаш ўтказилгани учун муаммо йўқ экан.

Бироқ мазкур уй аҳли бинода капитал таъмирлаш ўтказилмагани, бундан ўн-ўн икки йил муқаддам фақат қувурлар алмаштирилганини таъкидлади.

Вилоят ҳудудий коммунал фойдаланиш бирлашмаси раҳбари Ҳусен Отажонов ҳам ширкат раисининг адашганини, 151-уйнинг фақат томи таъмирланганини тан олди.

Бирлашманинг капитал қурилиш ва таъмирлаш бўлими бошлиғи Қаҳрамон Бобожоновнинг маълум қилишича, 2004 йилда мазкур уйни мукаммал таъмирдан чиқариш режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG