Линклар

Ўзбекистон Президенти ўз халқи билан қачон очиқ мулоқот қилади?

  • Садриддин Ашур

Маҳаллий кузатувчиларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов бирор марта халқ билан телевидение орқали очиқ мулоқот ўтказгани йўқ.

Уларнинг билдиришича, Россия Президенти Владимир Путиннинг яқинда халқ билан қилган мулоқоти мамлакатда эркин фикр ва демократияга эътибордан далолатдир.

“Лекин, дейди “Эрк” партияси аъзоси Дилором Исоқова, Ўзбекистон Президенти ҳеч қачон россиялик ҳамкасбидек иш тутмайди. Чунки у ўзбек халқи бериши мумкин бўлган саволларга жавоб қайтара олмайди. Ислом Каримов ва халқ алоҳида-алоҳидадир. Президент ўз чиқишларида фаровон, ҳур, тўқ ўзбек халқи ҳақида гапираётганда билмайман кимни назарда тутади?”

“Озод овоз” ташкилоти раҳбари Бобомурод Абдуллаев ҳукуматнинг ўз фуқароларидан узоқлашишига диктаторлар, мухолифат ва халқ бирдек ҳисса қўшишини айтади. Унинг таъкидлашича, ўзининг мутлақ ҳокимлигини ўрнатган Президент ҳеч қачон халқ билан ҳисоблашмайди, фуқаролар фикрини тингламайди. Чунки халқнинг ўзи шунга рухсат бериб қўйибди.

“Президент халқ билан очиқ мулоқот ўтказса, шундоқ ҳам тўкилиб бўлган обрўси янада ерпарчин бўлишини яхши билади”, деди Б.Абдуллаев.

Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби Рустам Жумаевнинг айтишича, Россия тажрибаси ҳамма давлатларда ҳам кенг тарқалган эмас. Чунки бундай мулоқот жуда катта техник имкониятлар талаб этади. Ўзбекистонда ҳам бу тажриба ўрганилади ва вақти келганда шундай мулоқотлар ташкил қилинади, деди Р.Жумаев.

Р.Жумаевнинг сўзларига қараганда, ўзбекистонликларнинг Президент номига йўллаган арз ва шикоятлари, албатта, кўриб чиқилади.
XS
SM
MD
LG