Линклар

logo-print

Эҳтиёт бўлинг, ошқозон яраси!


Саида Маълумотларга қараганда, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ошқозон ва ичак яраси касаллиги тобора кўпайиб бормоқда. Мутахассислар бу касаллик, айниқса, рўзадан сўнг янада авж олаётганини таъкидламоқда.

Профессор Мамлакат Маҳкамованинг фикрича, рўза тутишнинг меъда, ўн икки бармоқли ичак касалликларига таъсири жуда катта. Чунки кун бўйи оч юриб, сўнг бирданига кучли овқатланиш инсоннинг касал аъзоларига зўрлик қилади. Рўзадан сўнг касалхоналарга ошқозон ва ичакдаги яранинг тешилиши асоратидан шикоят этаётган беморлар кўплаб келмоқда.

М.Маҳкамова бу турдаги касалликларнинг кўпайишига ўзбекларнинг тўғри овқатланиш тартибига риоя қилмаслиги ҳам сабаб бўлаётганини билдирди. Беморларнинг вақтида шифокорларга мурожаат этмаслиги аҳволни янада оғирлаштирмоқда, дейди мутахассис.

Кузатувчилар ошқозон-ичак яраси касалликлари ёшлар ҳисобига тобора кўпайиб бораётганини ташвишли ҳол сифатида баҳоламоқда. Уларнинг айтишича, бундай касалликка чалинаётган ёшлар орасида талабалар кўпчиликни ташкил этади.

Талаба Хуршида Пўлатова бу фикрни тасдиқлар экан: “Талабалар олаётган стипендия кўпинча етмайди. Ота-оналар эса ҳамма вақт ҳам фарзандини пул билан таъминлай олмайди. Натижада кам овқатланиш туфайли шундай касалликлар келиб чиқмоқда”, деди.

Кузатувчи Турғунпўлат Акбаровнинг таъкидлашича, аҳолининг қашшоқлашиб кетгани, тўйимли ва сифатли овқат истеъмол қилиш имкониятининг йўқлиги касаллик кўпайишига олиб келяпти. Асосий емаги нон бўлган қишлоқ аҳолиси кейинги пайтларда маккажўхори ва арпа унини ейишга мажбур бўлмоқда, дейди у.

Яна бир суҳбатдошнинг фикрича, тиббиётнинг пулли хизмат кўрсатишга ўтгани нафақат ошқозон-ичак, балки бошқа касалликларни даволашда ҳам муаммолар келтириб чиқармоқда. Чунки фуқароларнинг аксарияти пул тўлаб даволаниш имкониятига эга эмас.

Яна бир суҳбатдош ўзбекларда ўзини вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказиб туриш анъанаси шаклланмаганига урғу берди. Унинг айтишича, ўзбеклар турмуш ташвишларини биринчи ўринга қўяди ва кўп ҳолларда соғлиғини текширтиришдан кўра яхши кийинишга мойилроқдир.
XS
SM
MD
LG