Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:07

Чўпонни қўйидан маҳрум қилишди


Фирдавс Қашқадарё вилоятининг Нишон туманилик чўпон Рустам Қўзиев пoймол қилинган ҳуқуқини тиклаш, мусодара этилган мол-мулкини қайтариб олиш учун 7 йилдан буён сарсон-саргардон бўлиб юрибди.

Р.Қўзиев, ўзининг айтишича, 4-синф маълумотига эга. 1985 йилдан 1996 йил охиригача тумандаги “Нишон” қоракўлчилик-наслчилик ширкат хўжалигида чўпон, бош чўпон бўлиб ишлаган. 1996 йилда хўжаликка янги раис – Зиёқул Зиёдуллаев келгач, унинг отарида текширув ўтказилган. 200 дан ошиқ қўй кам чиқди, деган баҳона билан бош чўпондан отардаги барча қўй, жумладан, отардаги унинг ўзига, укаларига тегишли 235 та қўй ҳам олиб қўйилган. Ўзига нисбатан эса жиноят иши қўзғатилган.

Р.Қўзиев камомад топилган қўйларнинг 25 таси ўғирлангани (ўғрининг номи ҳам маълум), 30 мол бошқа хўжаликка боқиш учун омонат берилгани, қолган қўйлар ҳам сохта имзолар билан раҳбарлар томонидан ўзлаштирилганини айтди.

Ушбу иш юзасидан ўтказилган терговда 71 та қўй камомад чиққани аниқланган. Собиқ Баҳористон туманидаги жиноят ишлари суди Рустам Қўзиевни 47 бош қўй камомадига йўл қўйганликда айблагач, 3 йилга озодликдан маҳрум этган ва амнистия қўллаб, жазодан озод этган.

Р.Қўзиев ўзига қўйилган айбларнинг аксарияти исботини топмаганини таъкидлади. Унинг айтишича, 200 дан ортиқ қўйнинг етишмаслиги хўжалик раҳбарлари томонидан содир этилгани факти исботланган. Шундай бўлса-да, унинг пoймол этилган ҳуқуқлари тикланмаган, раҳбарлар эса жазодан қутулиб қолган.

“Ёзмаган жойим қолмади. Мамлакатнинг тўртта марказий газетасида менинг ишим билан боғлиқ мақола чоп этилиб, хўжалик раҳбарларининг айби очиб ташланди. Лекин дардимга ҳеч ким қулоқ солмади”, дейди у.

- Мол-мулким тортиб олингандан сўнг иқтисодий қийин аҳволда қолдим, -сўзида давом этди Р.Қўзиев. – Болаларимга чириган арпа, супурги донини нон қилиб едирган пайтим ҳам бўлди.

2002 йилда Р.Қўзиев хўжаликка нисбатан даъво қўзғашга эришди. Мазкур иш вилоят фуқаролик ишлари судида шу пайтга қадар уч бора кўрилди. Даъвогар хўжаликдан олиб қўйилган 235 та қўй, уларнинг 7 йиллик маҳсулоти ва 5 миллион сўм маънавий зарар ундирилишини талаб қилди.

Р.Қўзиевнинг айтишича, биринчи марта судда 10 та, иккинчи судда 22 та қўй ундириб берилган.

Мутахассисларнинг фикрича, чўпондан тортиб олинган 235 та совлиқнинг етти йилда неча қўзи бериши мумкинлиги жиҳатдан ҳисоблаб кўрилса, 2250 бош қўй келиб чиқади. Бу пулга чақилса, 100 миллион сўмдан ошади.

“Озодлик” мухбири мазкур иш юзасидан муносабат билдиришни сўраб, вилоят фуқаролик ишлари суди судьяси Анвар Очиловга мурожаат қилди. Унинг айтишича, бу машмаша юзасидан суд жараёни ҳали давом этмоқда. Шунинг учун ҳозирча бирор хулоса билдириш қийин.

Р.Қўзиев қўйларининг қайтариб берилишига кўзи етмаслигини, шундай бўлса-да, ҳақ-ҳуқуқини талаб қилишини таъкидлади.

“Майли, қўйларимни ўзимга эмас, бирор болалар уйигами, ногиронларгами қайтариб беришса, шунгаям розиман”, деди у.
XS
SM
MD
LG