Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:15

Руслан озодликка чиқарилмайди


Тўрт йилга қамоқ жазосига ҳукм этилган журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Руслан Шарипов Ўзбекистон Президенти томонидан эълон қилинган амнистия бўйича озодликка чиқмаслиги маълум бўлди.

Жазони ижро этиш бош бошқармаси штаб бошлиғи Михаил Гуревич халқаро ахборот агентликларидан бирининг мухбирига шу ҳақда маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Р.Шарипов томонидан содир этилган жиноят оғир ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Р.Шарипов жорий йилнинг 12 августида Жиноят кодексининг 120 (бесоқолбозлик), 127 (вояга етмаган шахсларни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш), 128 (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) моддалари билан айланиб, 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Кейинчалик бу муддат 4 йилга туширилганди.

Мустақил кузатувчилар ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Р.Шарипов иши аслида тўқиб чиқарилгани, унинг сиёсий тузум қурбони экани ҳақида кўп гапирган эди. Яқинда Товоқсой қамоқхонасида хорижий журналистлар билан учрашув чоғида Русланнинг ўзи айбларни қийноқ ва тазйиқлар остида бўйнига олганини билдирганди.

"Ҳьюман райтс уотч" ташкилоти вакиласи Матильда Богнер Р.Шариповнинг амнистияга тушмаслиги тўғрисидаги хабарни изоҳлар экан, уни озод этиш ҳукуматнинг хоҳиш-иродасига боғлиқлигини таъкидлади.

Р.Шариповнинг адвокати Суръат Икромовнинг айтишича, унга 127-модда бўйича қўйилган айблов оғир жиноятлар сирасига киради. Бироқ аппеляция судида судья мазкур модданинг бир бандини олиб ташлаб, бошқасини ўз кучида қолдирган. Шу модда боис Р.Шарипов амнистияга тушмаётир, деди С.Икромов.

С.Икромов шу кунларда ўз ҳимояси остидаги шахс билан учрашишга ноқонуний равишда рухсат этилмаётганини билдирди. Зеро, Руслан Шарипов иши юзасидан Олий судга мурожаат қилиш учун у билан яна бир бор учрашиб, суҳбатлашишим жуда зарур, деди у.
XS
SM
MD
LG