Линклар

logo-print

Милиционерларнинг эски усули қанчалик самарали?


Маълумотларга қараганда, Наманган вилояти Чуст туманининг Олмос қишлоғида истиқомат қилувчи Суннатилла Ибрагимов милиция ходимлари томонидан уюштирилган айблов асосида бир неча ойдан буён ҳибсхонада сақланмоқда.

Хабарларга кўра, воқеа жорий йилда – Мустақиллик байрами арафасида юз берган. 1984 йилда туғилган С.Ибрагимов дўсти билан акасининг Поп тумани Халқабод шаҳарчасидаги уйидан хабар олгани борган. Уйдан чиқиб келаётганда эса ҳе йўқ, бе йўқ милиция ходимлари томонидан ушланиб, Поп тумани ҳибсхонасига келтирилган.

Суннатилланинг онаси Ҳалима Ғужумованинг айтишича, 27 август куни ўғли Баҳром Мирзааҳмедов ва Анвар Ғаниев томонидан тергов қилинган. Терговчилар унинг уйидан наркотик модда чиққани, қишлоқдан сотгани олиб келганини айтиб, агар 200 доллар берса, ишни ёпиб юборишини маълум қилган. Суннатилла эса бу жиноятни содир этмагани, умрида қўлига доллар ушламаганини билдириб, пул беришдан бош тортган. Шундан сўнг терговчилар С.Ибрагимовни қаттиқ калтаклаган ва натижада унинг чап қўли тирсагидан синган. Йигит қийноқлар остида оқ қоғозга қўл қўйишга мажбур бўлган.

Жабрланувчининг ота-онаси мазкур иш юзасидан туман ва вилоят прокуратураларига шикоят қилиб, холис текширув ўтказилишини сўради. Октябрь ойида ўтказилган текширувда Суннатилланинг қўли сингани факти тасдиқланди.

Ҳ.Ғужумованинг сўзларига қараганда, бу орада терговчи Б.Мирзааҳмедов ўз жиноятини яширишга уринган. У Чуст тумани шифохонаси травмoтология бўлими шифокори Комилжон Соатов билан ўзаро тил бириктириб, Суннатилланинг ёшликдаги тиббий кўрик картасига йигитнинг қўли 1990 йилда сингани ҳақида ўзгартириш киритган. Суд тиббий экспертиза ходимлари ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари зуғуми остида бу фактни тасдиқлаб берган.

- Ваҳоланки, - дейди Ҳ.Ғужумова, - жорий йилнинг апрель ойида Суннатилла ҳарбий хизматга чақирилув чоғида тиббий кўрикдан ўтганида шифокорлар унинг тўла соғлом эканини тасдиқлаган эди. Менинг қўлимда шу ҳақдаги ҳужжат бор.

С.Ибрагимов шу кунгача ҳибсда сақланмоқда. Ота-онаси ўғлининг ноқонуний равишда ҳибсда ушлаб турилгани, унга туҳмат уюштирган милиция ходимлари жазоланишини талаб қилиб, мамлакатдаги барча тегишли ташкилотларга мурожаат қилди. Бироқ бу мурожаатлар ҳамон жавобсиз қолмоқда.

Поп тумани ички ишлар бўлими ходимларидан бирининг таъкидлашича, шу кунларда С.Ибрагимов иши текширувда бўлиб, у амнистия асосида авф этилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG