Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:56

Милиционерларнинг навбатдаги ваҳшийлиги


“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти тарқатган хабарда айтилишича, Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани “Намуна” хўжалигида яшовчи Камолиддин Жуманиёзов милиция ходимлари қийноқлари қурбони бўлган.

Маълумотларга кўра, икки фарзанднинг отаси, 25 ёшли К.Жуманиёзов гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ва сотишда айбланиб, жорий йилнинг 29 ноябрь куни участка нозири томонидан Тўрткўл тумани ички ишлар бўлимига олиб келинган. У Ўзбекистон Жиноят кодексининг 276 моддаси 2-банди билан айбланиб, 7 декабрга қадар бўлимнинг вақтинчалик сақлаш изоляторида ушлаб турилган. Шу куни Камолиддин ўз жонига қасд қилгани ҳақида унинг оиласига хабар берилган. Милиция ходимлари маҳбус ўзини кийимлари ёрдамида 2 қаватли кроватга осиб ўлдирганини айтган.

Бироқ “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги вакиласи Матильда Богнернинг таъкидлашича, К.Жуманиёзов ўз жонига қасд қилмаган, балки милиция ходимлари томонидан тергов вақтида уриб ўлдирилган.

“Камолиддиннинг жасади уйига олиб келинганда, унинг оила аъзолари марҳум қийнаб ўлдирилгани белгиларини кўрган. Марҳумнинг бошида ва танасида калтаклар изи бўлган. Шунинг учун улар тиббий экспертиза ўтказилишини талаб қилган. Экспертлар ҳам марҳумнинг бошида қаттиқ жароҳат изи борлигини тасдиқлаган. Биз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти сифатида бу ишни мустақил экспертлар ўрганиб чиқишини ва К.Жуманиёзовнинг ҳақиқий қотиллари топилишини талаб қиламиз”, деди М.Богнер.

Тўрткўл тумани ИИБ бошлиғи Жамолиддин Раҳимов К.Жуманиёзов ҳақиқатан ҳам ўзини осиб ўлдиргани, Бош прокуратура бу иш юзасидан жиноят иши қўзғаганини билдирди. Унинг айтишича, айни пайтда суриштиров олиб борилмоқда.

“Озодлик” мухбирига маълум бўлишича, ушбу иш юзасидан бўлимнинг бир неча ходимига нисбатан ҳам Ўзбекистон Жиноят кодексининг 207 моддаси 3-банди (хизмат вазифасига совуққонлик билан муносабатда бўлиш) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилаётган экан.

М.Богнернинг таъкидлашича, ўтган йили мамлакатда ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қийнаб ўлдириш билан боғлиқ 8 та, жорий йилда эса 4 та ҳолат қайд этилган.

“Ишончим комилки, аслида Ўзбекистонда бундай воқеалар жуда кўп юз беради. Бу эса милиционерларнинг ўзбошимчалиги, мамлакатда инсон ҳуқуқлари қўпол равишда паймол этилаётганидан дарак беради”, деди у.
XS
SM
MD
LG