Линклар

logo-print

Масжидни рўйхатдан ўтказиш азоби


Саида Маълумотларга қараганда, Фарғона вилоятининг Охунбобоев туманидаги Пахтакор қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи тўққиз минг фуқаронинг ўз қишлоғидаги масжидни қайта рўйхатдан ўтказишни сўраб ёзган аризаси бир неча йилдан буён қондирилмаётир.

Қишлоқ аҳлининг айтишича, 200 йиллик тарихга эга мазкур масжид фуқаролар томонидан 1997 йилда қайта тикланган. Туман ҳокимининг розилигини олган аҳоли бу ишга олти миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфлаган.

Фуқароларнинг сўзларига қараганда, маҳаллий ҳокимлик масжидни давлат рўйхатидан ўтказишга тўсқинлик қилмоқда. Ажабланарлиси шундаки, уларнинг айтишича, масжид Ўзбекистон Мусулмонлар идораси томонидан икки марта рўйхатга олинган. Бироқ туман ва вилоят ҳокимликлари, вилоят адлия бошқармаси уни расмийлаштирмаётир.

Фарғона вилояти адлия бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Миродил Файзиев мазкур муаммонинг ечилмаётгани ҳақида гапирар экан, рўйхатдан ўтиш учун тегишли ҳужжатларда камчиликлар бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Унинг айтишича, агар ҳужжатлар кам-кўстсиз бўлса, масжидни рўйхатдан ўтказишга ҳеч қандай тўсиқ қолмайди.

Лекин бошқарманинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими маслаҳатчиси Сирожиддин Сайфиддинов Охунбобоев тумани ҳокимлиги масжид учун тақдим этган кафолатноманинг ҳокимлик раҳбарлари томонидан қайтариб олингани жараённинг суст бораётганига сабаб бўлаётганини маълум қилди.

Пахтакор қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 500 фуқаро масжидни рўйхатга олишда ёрдам кўрсатишни сўраб сўнгги олти йил мобайнида турли ташкилотларга 493 марта мурожаат қилган.

“Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг таъкидлашича, туман ва вилоят ҳокимликлари, адлия бошқармаси фуқароларнинг талабларини қонунга зид равишда қондирмай келмоқда. Охунбобоев туман ҳокимлиги масжидни очиш учун бир вақтлар берган кафолат хатини бугунги кунда мазкур масжид талабларга жавоб бермаслигини рўкач қилиб қайтариб олган.

“Ваҳоланки, дейди М.Тожибоева Ўзбекистон Мусулмонлар идораси талаб даражасига жавоб берадиган масжидларгагина рўйхатдан ўтишга рухсат беради. Мазкур ташкилот ўзининг 2217-қарори билан Пахтакордаги масжидни рўйхатга олган. Масжидни очиш фақат вилоят ҳокимлиги ва адлия бошқармаси қаршилиги туфайли орқага сурилмоқда”.
XS
SM
MD
LG