Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:54

А.Назаров: Ҳуқуқларингизни уюшган ҳолда ҳимоя қилинг


Шу кунларда Инсон ҳуқуқларни ҳимоя қилиш халқаро жамияти фаоллари хусусий тадбиркорлар ва фермерлар муаммоларини ўрганиш мақсадида Фарғона водийси вилоятларида учрашувлар ўтказмоқда.

Мазкур жамиятнинг Ўзбекистон бўлими раиси ўринбосари, Аграрлар ва тадбиркорлар партияси етакчиларидан бири Абдуқодир Назаровнинг сўзларига қараганда, ҳозир Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган иқтисодий сиёсат тушунарсиздир. Милиция ва солиқ ходимларининг тадбиркорлар ва фермерлар фаолиятига ноқонуний, бўлар-бўлмас аралашувлари давлатга миллиард-миллиард сўм зарар келтирмоқда.

Унинг айтишича, Ўзбекистон Президентининг фермерлар фаолиятига доир яқинда эълон қилинган фармонида уларни янада қаттиқроқ назорат қилишга урғу берилган. Хусусан, ҳужжатда фермернинг барча хизматлар учун тўловни сўзсиз амалга ошириши кўрсатилган бўлса-да, маҳсулотни сотиб олувчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг ўз мажбуриятларини тўлиқ бажариши ҳақида битта ҳам сўз йўқ.

Фарғона вилояти Бағдод туманилик Дарвишали Ғаффоров фермерликдан воз кечганини айтади. Унинг таъкидлашича, бундай йўл тутганига сабаб соҳада ишлашнинг қийинлашиб кетганидир. Масалан, пахта теришга ҳашарчилар жалб этилганда барча сарф-харажатлар фермернинг бўйнига тушади. Улар ҳашарчилардан воз кечиш ҳуқуқига эга эмас.

А.Назаров фермерлар ўзларига тааллуқли қонунларни билмаслиги, билганларига эса бу қонунлардан фойдаланишга имкон берилмаслигини таъкидлади. Бунинг сабаблари ҳукуматнинг ўта коррупциялашгани, халқни қўрқув ва асоратда ушлаб туришдан манфаатдорлигидадир.

А.Назаров бу муаммоларни жамоа бўлиб, уюшган ҳолда ҳал қилиш лозимлигини билдирди. Агар ҳамма ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишга киришса, Ўзбекистонда аҳвол албатта ўзгаради, деди у.
XS
SM
MD
LG