Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:59

“Аввал эмас, энди қул бўлдик”


Нурбек Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманилик йигирма нафардан ортиқ аёл қарийб ўн кундирки, ойлик ва нафақа пулларини бериш талаби билан тумандаги турли ташкилотларга тинимсиз мурожаат қилмоқда.

Бироқ уларнинг арзига ҳеч ким қулоқ солмаётир. Тумандаги “Ўзбекистон” ширкат хўжалигида истиқомат қилувчи Саодат Қурбонова ҳам бошқа аёллар қатори туман ҳокимлигига арз-дод қилиб келди.

“Мен ҳамқишлоқларим номидан келдим. Уч-тўрт ойдан буён нафақа ола олмаймиз. Ҳозир қишлоқдаги барча оилалар фақат нафақа пули ҳисобига кун кўрмоқда. Пул сўраб ҳокимнинг қабулига келсак, у ўринбосарига, ўринбосари яна ҳокимга жўнатади. Бизни сарсон қилишдан бошқа ишлари йўқ”, ҳасрат қилди у.

Мирза Дангалов номидаги ширкат хўжалигидан келган Бибисора Туробованинг айтишича, қишлоқда яшовчиларга 4-5 йилдан буён маош берилмайди. Пахта теримида қатнашганларда пахта пули тўланмаган.

“Давлат ишида ҳам, хўжаликда ҳам маош берилмагани сабабли эркакларнинг ярми Россияга кетиб қолди. Одамларимиз гадой бўлиб қолмаганда, у ёқларга кетмас эди. Аввал эмас, энди қул бўлдик русларга”, дейди опахон.

Яна бир суҳбатдош икки йилдан буён пилла учун пул олмаганини таъкидлади.

Қўчқор Тўраев номидаги ширкат хўжалигидан келган Махфират Раҳматова уйида болаларига янги йил дастурхони тузаш имкони йўқлигини билдирди.

“Катталарнинг дастурхони тўладию, бизники тўлмайдими? Қайси амалдорникига бориб байрам ўтказайлик? Битта амалдорникида бутун шаҳарни бойитадиган мол бор. Бу дунёда фақат Каримов ёки ҳокимлар яшаши керакми? Қишлоққа борсангиз, ҳар бир оиладан мактабга бормаган болаларни топасиз. Уларнинг дарслиги, кийими йўқ”, дейди М.Раҳматова.

Туман ҳокимлигига келган аёллар масъуллардан бирининг ҳоким йўқлиги тўғрисидаги гапидан сўнг яна арз қилиш учун турли идораларга қараб йўл олди.
XS
SM
MD
LG