Линклар

Россия элчихонаси олдида норозилик чиқиши


Шайбон 24 декабрь куни Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси олдида юздан ортиқ русийзабон фуқаро норозилик акцияси ўтказди.

Акция иштирокчиларининг сўзларига қараганда, уларнинг бундай йўл тутишига элчихонанинг консуллик бўлимидаги тартибсизликлар сабаб бўлган.

Маълум бўлишича, Россия фуқаролигини олиш истагида бўлган фуқароларнинг айримлари ҳафталаб, ойлаб, баъзан йиллаб кутиб қолишга мажбур бўлган. Бу ҳолат уларни жунбушга келтирган ва фавқулодда норозилик акцияси уюштирилишига олиб келган.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган акция қатнашчиларининг айтишича, элчихона ходимлари бу ерда юзага келган ҳолат юзасидан ҳеч кимга изоҳ беришни истамай келаётган эди.

“Элчихона вакиллари талабимизни эшитмай, хоналаридаги пардаларини ёпиб олишди. Консулга кириб, масалани тезроқ ҳал қилиш элчихона қўриқчилари ва шу ерда "ин қурган" айрим шахсларга боғлиқ. Уларнинг қўлига 20 минг сўм берсангиз, ҳожатингизни чиқаришади”, деди улар.

Консул Константин Минеев эса консуллик хизмати ҳар бир мурожаат қилган фуқарога керакли ёрдам кўрсатишга интилишини таъкидлади. Унинг айтишича, вилоятлардан келаётган фуқароларга биринчи навбатда кўмак берилади. Консуллик ходимлари сони чеклангани сабабли айрим ҳолатларда фуқароларга хизмат кўрсатиш муддати чўзилиб кетиши мумкин. Бироқ уларнинг ойлаб, йиллаб кутиб қолиши ҳақиқатдан йироқ, деди консул.
XS
SM
MD
LG