Линклар

logo-print

Қирғиз депутати ёлғончими ёки...


Шайбон Интернетда тарқатилган хабарга кўра, Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбарияти Қирғизистон Республикаси Ахси туманининг Жетиген қишлоғи фуқароси Алимбек Ботиралиевни ўғирлашга уринган тўққиз нафар ходимини ишдан бўшатган.

Хабарда айтилишича, расмий Бишкек Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига мазкур воқеа юзасидан норозилик нотаси жўнатгандан сўнг Президент Ислом Каримовнинг топшириғига кўра бу ходимларга нисбатан жазо қўлланган.

Мазкур хабар кўпчилик кузатувчиларни таажжубга солди. Чунки расмий Тошкент ўзбек ҳуқуқ-тартибот органлари қўшни давлат ҳудудида ўзбошимчалик қилиши мумкин эмаслигини таъкидлаб келаётган эди.

“Озодлик” мухбири масалага ойдинлик киритиш мақсадида Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонасига мурожаат қилди. Элчихона ходими жорий йилнинг 10 декабрь куни ўзбек милиционерлари Қирғизистон ҳудудида мазкур мамлакат фуқаросини қўлга олишга уринганини тасдиқлади. Бу воқеа юзасидан 11 декабрда Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамасига норозилик нотаси юборилган, деди у.

Унинг айтишича, элчихона мазкур ҳолат юзасидан Наманган ички ишлар бошқармасининг тўққиз ходими ишдан бўшатилгани ҳақида маълумотга эга эмас.

Ўзбекистон ИИВ террорчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси ходими Илья Пягай Интернетда тарқатилган хабарга кескин муносабат билдирди. Унинг сўзларига қараганда, ўзбек милиционерларининг қўшни давлат ҳудудида бундай ҳаракатларни содир этиши тасаввур қилиб бўлмайдиган ҳолдир. Шунинг учун бу маълумот очиқдан очиқ туҳматдан бошқа нарса эмас.

И.Пягайнинг таъкидлашича, бундай хабарларнинг пайдо бўлиш сабаблари маълум. Яъни Наманган вилоятида Қирғизистон ҳудудига туташиб кетган қишлоқлар мавжуд. Айрим нопок кимсалар бу ерда содир бўлган воқеалардан фойдаланиб, давлатлараро низолар қўзғаш мақсадида чегарадан ноқонуний ўтиш, ноқонуний ҳибсга олиш каби маълумотларни тарқатади.

И.Пегайнинг айтишича, Наманган вилоятида босқинчилик ва “Нексия” русумли икки автомобилни ўғирлаш билан боғлиқ иккита қотиллик рўй берган. Кейинчалик чегара яқинида бир неча жасад ҳам топилган. Бу жиноятлар уюшган жиноий гуруҳ томонидан содир этилган. Мазкур ҳолат юзасидан ўзбек ҳуқуқ-тартибот ходимлари қирғизистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда суриштирув ишларини олиб бормоқда. Ушбу суриштирувлардан қўрқиб кетган айрим кимсалар юқоридаги каби гап-сўзларни тарқатаётир, деди И.Пягай.

Интернетдаги хабар муаллифларига кўра, бу маълумотлардаги далиллар Қирғизистон парламенти депутати Азимбек Бекназаров томонидан келтирилган. У эса, ўз навбатида, далилларни Ўзбекистон ИИВдан томонидан берилганини айтган.
XS
SM
MD
LG