Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:14

Ўзбекистондаги уран моддасининг террорчилар қўлига тушиши мумкинми?


Фарангис Саид

Авваламбор, Болгариядаги воқеа тафсилотлари.
БМТнинг Атом Энергияси бўйича Халқаро Агентлик командаси ядровий қурол бўйича АҚШ ва россиялик мутахассислар билан биргаликда София яқинидаги ядровий реакторни текширдилар. 1959 йилда Совет Иттифоқи ёрдамида қурилган реактор 1989 йилда ёпилган эди. Аммо қидирув наитжасида у ерда 37 фунт (қарийб 17 килограмм) бойитилган уран топилди. 36 фоизга бойитилган уран моддаси (бу кичик ядровий бомба тайёрлаш учун кифоя) сешанба кунининг ўзидаёқ тўртта махсус контейнерда Россияга юборилди. Мутахассисларга кўра, Россияда уран ядровий қурол тайёрлашда ишлатиб бўлмайдиган шаклга ўгирилади. Операцияни амалга ошириш учун ҳаммаси бўлиб 400 минг доллар сарфланди. Пулни АҚШ томони тўлади.

Софиядаги акция, айтилишича, БМТ Агентлиги, АҚШ ва Россия ҳукуматлари олиб бораётган ҳамкорлик натижасидир.

Совуқ уруш тугаганидан сўнг, Совет Иттифоқи ва бошқа собиқ социалистик мамлакатлар ҳудудидаги ядровий реакторлар қаровсиз қолди. Оммавий қирғин қуролларини тайёрлаш учун зарур бўлган моддаларнинг террорчилар қўлига тушиши эҳтимоли ошди. Буни англаган давлатлар ҳамкорликни йўлга қўйишга келишдилар.

Британиянинг Лидс Университети қошидаги Сиёсат ва Халқаро Тадқиқотлар Институти докторанти, асл қозоғистонлик Тоғжан Кассенова Озодлик мухбири билан суҳбатда мазкур ҳамкорлик натижаларини ижобий баҳолайди:

- Вазият яхшиланди, чунки ҳам собиқ социалистик давлатлар ҳукуматлари, ҳам халқаро ҳамжамият собиқ Совет Иттифоқидаги ядровий потенциал террорчилар қўлига тушиб қолмаслиги ва таҳдидга айланмаслиги мақсадида тегишли чоралар кўра бошладилар.

Софиядаги операция халқаро ҳамжамиятнинг бу соҳадаги биринчи муваффақияти эмас. Кўрилаётган чоралар натижаси ўлароқ, 2002 йил август ойида АҚШ ва Россия мутахассисларидан таркиб топган гуруҳ Югославиядаги эски ядровий реакторда қарийб 45 килограмм бойитилган уран топди. Уч ой олдин эса, Руминиядаги реактордан 13,5 килограмм уран топилиб, Россияга етказилди ва у ерда ядровий қурол учун мос бўлмаган шаклга келтирилди. Қозоғистонда ҳам шу каби операция ўтказилган. Тоғжан Кассенова ҳикоя қилади:

- 1994 йилда Қозоғистон ва АҚШ ҳукуматлари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида махфий операция ўтказилди ва Қозоғистон ҳудудидан 600 килограмм бойитилган уран моддаси олиб чиқиб кетилди. Бундай катта ҳажмдаги уран совет даврида ишлаб чиқилган ва қаровсиз қолиб кетган эди. Ҳозирда топилган уран АҚШ ҳудудида хавфсиз жойда сақланмоқда.

Тоғжан Кассеновага кўра, Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг собиқ совет республикалари орасида уран моддаси ишлаб чиқариладиган икки республика потенциал хатар, дея баҳоланди ва халқаро ҳамжамият айнан шу давлатлар билан ҳамкорликка алоҳида аҳамият берди. Бу икки республика эса, Қозоғистон ва Ўзбекистондир. Ўзбекистон ҳудудида ядровий бомба тайёрлаш учун керакли бўлган бойитилган уран моддаси бор. Тоғжан Кассенова бу жойларни тилга олади:

- Ядровий Физика Институти. Бу ерда, 2001 йилги маълумотларга кўра, қарийб 100 килограмм бойитилган уран моддаси бор. Аммо бу институт яхши қўриқланади ва тегишли хавфсизлик чоралари кўрилган. Бу борада Ўзбекистон ҳукуматига АҚШ ёрдам бермоқда. Яна бир реактор Тошкентда жойлашган. У ерда 4,5 килограмм бойитилган уран моддаси бор. Аммо бу реактор ҳам хавфсизлик учун таҳлика туғдирмайди, чунки, билишимча, уран моддаси реакторнинг ичида жойлашган ва шу боис террорчилар қўлига тушмайди.

Ўзбекистондаги оғир иқтисодий-ижтимоий аҳвол одамларни уран моддасини террорчилар ёки террорчилар билан алоқада бўлганларга сотишга мажбур қилиши мумкинми? Бу саволга Британиянинг Лидс университети докторанти, асл қозоғистонлик Тоғжан Кассенова жавоби мана бундай бўлди:

- Албатта, иқтисодий-ижтимоий муаммолар бу соҳадаги хавфсизликка таҳлика туғдириши мумкин. Лекин, менимча, ҳозирча Ўзбекистонда бу реал таҳдид эмас. Чунки кўрилган чоралар потенциал таҳликани йўқ қилди. Аммо Россияда вазият ўзгача. Бу ерда муаммо кўлами анча кенгроқ, яъни реакторлар сони кўпроқ бўлгани боис, бу таҳдид ҳамон мавжуд.

Шундай дер экан, Тоғжан Кассенова Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматларининг АҚШ ҳамда Россия билан ҳамкорлик қилаётганини юқори баҳолайди. Режага кўра, ушбу ҳамкорлик доирасида собиқ Совет Иттифоқи ва бошқа социалистик давлатлардаги ноқонуний уран моддасини 2005 йил охиригача топиб, Россияга етказиш ва у ерда сақлаш ёки бўлмаса конверсия, яъни бошқа шаклга ўгириш кўзда тутилган.
XS
SM
MD
LG