Линклар

Покистон Президенти Парвез Мушарраф 11 кун ичида иккинчи суиқасддан омон қолди.

  • Ҳасанжон

Покистон пойтахти Исломобод яқинидаги Равалпинди шаҳарида уюштирилган ҳудкуш ҳужум оқибатида 14 одам нобуд бўлди, 40дан ортиқ одам яраланди. Бу 11 кун ичида Президент Парвез Мушарраф ҳаётига қарши уюштирилган иккинчи суиқасд уринишидир. 14 декабрда амалга оширилган бомба ҳужуми ҳам муваффақиятсизликка учраган эди.

Бу гал икки юк машинасида портлатилган кучли бомбалар зарбидан Мушарраф кетаётган машинанинг махсус ойналарига дарз етган. Маълумотларга кўра, аввалги ҳужумда Мушарраф лимузинига ўрнатилган замонавий электрон аппарат бомба портлашини бир озга кечиктирган. Шу сабаб портловчи мослама Президент картежи ўтиб кетганидан кейин ишга тушган ва Мушаррафга шикаст етмаган.

Сўнгги ҳужум Парвез Мушарраф мамлакатдаги ашаддий исломий партиялар билан келишувга эришганидан бир кун ўтиб амалга оширилди. Мазкур келишувда Мушаррафнинг келаси йил охирига қадар армия қўмондони салоҳиятидан воз кечиши, айни пайтда мамлакат Президенти вазифасида қолиши кўзда тутилган.

Суиқасд уринишидан бир неча соат кейин телевидениеда кўриниш берган Мушарраф, исломий жангариларни мазкур бомба ҳужумини уюштирганликда айблади. 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин халқаро терроризмга қарши курашда АҚШнинг яқин иттифоқчисига айланган Мушарраф мамлакатни экстремистлардан тозалашга ваъда берди: “Биз экстремизм ва терроризмга қарши курашга содиқ қоламиз. Бу борадаги қатъийлигимиз янада ортди. Биз мамлакатни экстремизм, фундаментализм ва терроризмнинг барча кўринишидан тозалаб, халқни тараққиёт сари етаклаймиз”, - деди Парвез Мушарраф.

Расмийларга кўра, сўнгги суиқасд уринишида икки юк машинасининг ҳар бирига 20 – 30 килограммдан портловчи модда жойлаштирилган бўлган. Покистон ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари ҳозирча воқеага алоқадорликда гумон қилинган бирон шахсни қўлга олганлари йўқ.

Маълумки, Покистон 11 сентябр воқеаларигача Афғонистондаги “Толибон” ҳаракатининг асосий ҳомийси эди. Президент Мушаррафга кўра, Афғонистонда халқаро терроризмга қарши олиб борилаётган курашда АҚШ билан яқин ҳамкорлик қилгани учун унинг жонига қасд қилиш уринишлари кўпаймоқда.

Покистон Сенатори Мушаҳид Ҳусайн хусусий “GEO” телевидениеси муҳбири билан суҳбатда, Президент Мушаррафга қарши суиқасдни бир гуруҳ жиноятчилар амалга оширганини айтади.

Бироқ сўнгги йилларда минтақа давлатларида кечаётган барча сиёсий ва ҳарбий жараёнларни яқиндан кузатиб келаётган журналист Аҳмад Рашид бу фикрга қўшилмайди. Унинг Озодлик радиосига айтишича, суиқасд ортида жиддий сиёсий сабаблар бўлиши мумкин: “Менимча, мамлакатда демократик жараёнларга йўл очмагани учун Мушаррафнинг ҳам либераллар ҳам фундаменталистлар орасидаги обрўси пасайиб кетди. Барча сиёсий доиралар мамлакатни ҳозиргача ҳарбийлар бошқараётганидан норози. Улар ўзгаришлар амалга оширилишини хоҳлайдилар”, - дейди мустақил журналист Аҳмад Рашид.

Суҳбат давомида кузатувчи, Покистондаги барча сиёсий доиралар Президент Парвез Мушарраф ўз салоҳиятининг бир қисмидан воз кечиб, демократик жараёнларга йўл очишини хоҳлашларини айтади: “Менимча, суиқасд уринишлари айрим салоҳиятлардан воз кечиш ва демократик жараёнларга йўл очиш борасида Мушаррафга кўрсатилаётган босимни кучайтиради. Айни пайтда, бу фуқаролар ҳукумати позициясини мустаҳкамлайди. Чунки ҳозирча Покистон ҳокимияти ҳарбийлар қўлида қолмоқда”, - дейди покистонлик мустақил журналист Аҳмад Рашид.
XS
SM
MD
LG