Линклар

Фуқаролар масжид очилишини талаб қилмоқда

  • Барно Анвар

Маълумотларга қараганда, Фарғона вилоятининг Охунбобоев тумани Пахтакор фуқаролар йиғинидаги 114 киши бу ердаги жомеъ масжиднинг рўйхатдан ўтказилмаётганига норозилик сифатида 25 декабрь куни очлик эълон қилган.

Улар, шунингдек, масжиднинг рўйхатга олинишига тўсқинлик қилаётган амалдорларнинг коррупцион ҳаракатларига барҳам берилишини ҳам талаб қилмоқда.

Фуқаролар мазкур норозилик акцияси 27 декабрь – Дунёда коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан ўтказилаётганига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Хабарларга қараганда, 200 йиллик тарихга эга мазкур жомеъ масжиди қишлоқ аҳолисининг саъй-ҳаракатлари билан қайта таъмирланган. Фуқаролар эса бу ишларга 6,5 миллион сўмга яқин маблағ сарфлаган. Бироқ, қишлоқ аҳлининг таъкидлашича, маҳаллий ҳокимлик вакиллари турли баҳоналарни рўкач қилиб, олти йилдан буён масжидни рўйхатга олишга қаршилик қилиб келмоқда.

“Қўлимизга: Таҳорат олиш хоналарида иссиқлик манбалари йўқ. Қиш фаслида иситиш учун печкалар ишламайди. Масжид хонақоҳи тор. Намозхонлар учун шароит етарли эмас. Жомеъ масжиди мақомига эга бўлиш учун масжид ҳовлиси кенг, кириш-чиқиш дарвозалари катта бўлиши керак. Имом учун алоҳида хона бўлиши лозим. Узоқ-яқиндан келганларга қулайлик учун масжид йўл бўйида бўлиши зарур, деган баҳоналар битилган маълумотнома тутқазишган”, дейди фуқаролардан бири.

“Озодлик” мухбири мазкур масала юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси раиси Шоазим Миноваровга мурожаат қилди. У агар шунча одам масжидни очишни талаб қилаётган экан, масжиднинг очилишига қарши жиддий сабаблар йўқ бўлса, масала ижобий ҳал этилишини билдирди.

Унинг айтишича, масжидни рўйхатдан ўтказиш учун намозхонларнинг хавфсизлигини таъминлашдан бошқа деярли ҳеч қандай талаб қўйилмас экан.

Бундан ойдинлашадики, Фарғона вилояти, Охубобоев тумани имом-хатиби бундан бехабар ёки билатуриб, мана олти йилдирки, қонунга зид равишда иш тутиб келмоқда. Демак, 114 кишилик ташаббускор гурухнинг айнан коррупцияга қарши норозилик кўтариши-ю, очлик эълон қилиши бежиз эмас.
XS
SM
MD
LG