Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:41

Варақани ким тарқатган?


Шайбон Маълумотларга қараганда, Ўзтелерадиокомпания биносида журналист Эльмира Ҳасановани телевидение раҳбарияти ва мамлакат расмийларига қарши туҳмат уюштиришда айбловчи варақалар тарқатилган.

“Телевидениега кираверишда варақа ёпиштириб қўйилган. Варақага “Қўштирноқ ичидаги телеюлдуз Эльмира Ҳасанованинг асл қиёфаси ёхуд шахсий муаммоларни мамлакат шаъни эвазига ҳал қилиш уят” сарлавҳаси қўйилган. Варақанинг пастки қисмида эса мустақил журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси А.Имомбеков деган имзо қўйилган”, дейди Э.Ҳасанова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Эслатиб ўтамиз, Э.Ҳасанова бир неча ойдан буён телевидениеда мавжуд салбий ҳолатларга қарши кураш олиб бормоқда.

Э.Ҳасанова А.Имомбеков деган шахсни шахсан танимаслиги, бундай инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси борлигини биринчи марта эшитаётганини таъкидлади.
Унинг айтишича, варақада Эльмиранинг турмуш ўртоғи Феликснинг исми тилга олинган. Гўёки Феликс хотини билан биргаликда Ўзбекистондан чиқиб кетиш учун Исроил ва АҚШ элчихоналарига мурожаат қилган эмиш.

“Мен расман маълум қиламанки, ҳеч қачон мамлакатни тарк этиш ниятида бўлмаганман ва бу тўғрида элчихоналарга ҳам мурожаат этганим йўқ”, деди журналист.

Э.Ҳасанованинг телевидение эшигида қўриқчилик қиладиган милиция ходимлари сўзларига таяниб айтишича, варақаларни ёпиштиришни телевидение раиси ўринбосари Сайдулла Мирзаев буюрган.

Э.Ҳасанова ишлайдиган 4-канал директори Аилишер Шоимов варақалардан хабардорлигини, лекин у ким томонидан ёпиштирилганини билмаслигини маълум қилди.

С.Мирзаев эса “Озодлик” мухбири билан суҳбатда гап нимада бораётганинидан хабарсизлиги, варақалар Интернетда босилган материал эканини, кимлардир олиб келганини таъкидлади. У “Озодлик” мухбирини бошқалар қатори ўзининг шаънига ҳақорат ёғдираётганликда айблади. Бундан қандай маза олаётирсизлар, билмадим, деди у.

Э.Ҳасанова телевидениедан ташқари Сўз эркинлигини ҳимоя қилиш нодавлат қўмитаси эксперти ҳам ҳисобланади. Ушбу қўмита раҳбари Инера Сафаргалиева ташкилот журналистни хафа қилдириб қўймаслигини, барча ахборот агентликларига варақада келтирилган туҳматларни фош этувчи маълумотлар тарқатилишини таъкидлади.

Э.Ҳасанова эса рўй берган воқеа юзасидан судга мурожаат қилиш ниятида эканини билдирди.
XS
SM
MD
LG