Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:54

ЯНГИ ҚОНУНДАН ЖУРНАЛИСТЛАР НОРОЗИ


Қозоғистон республикаси парламенти - Мажлис депутатлари якунига етган ҳафтанинг икки иш кунини фақат бир қонун лойиҳаси - оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги янги қонун лойиҳасига бағишладилар. Янги қонун қабул қилинди. Бироқ, масала кун тартибидан тушиб кетгани йўқ. Биринчидан, қонун кучга кириши учун уни парламентнинг юқори палатаси - Сенат тасдиқлаши, сўнгра эса, Сенат тасдиқлаган тақдирда Президент имзолаши керак.

Мажлис раиси қонун лойиҳаси учун берилган овозлар натижалари билан таништирди. Шундай қилиб, Қозоғистон парламенти қуйи палатаси оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги янги қонуннинг ҳукумат таклиф қилган лойиҳасини маъқуллади.

Бироқ мажлис депутатлари баҳс-мунозарасиз овоз бериб қўяқолмадилар, лойиҳа бўйича билдирилган 600га яқин таклиф ва ўзгартишлар муҳокама қилиниб, уларнинг 150ка яқини қабул қилинди,
деб хабар берди Озодлик мухбири.

Қозоғистон Республикаси Ахборот вазири Саутбек Абдрахмановнинг фикрича янги қонун демократия сари ташланган яна бир қадамдир.

- Бу қонун журналистларнингина қонуни эмас, унинг ҳар бир фуқаро кундалик турмушига бевосита таъсири бордир, - деди Ахборот вазири.

Бироқ, республикадаги кўплаб нодавлат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар вакиллари қонун лойиҳаси пайдо бўлиб, унинг мазмуни билан танишиб чиқишлари биланоқ, ташвишга тушган эдилар.

"Мусибатдаги журналистлар" ташкилоти вакили Розалана Таукина:

- Қозоғистонда биронта ҳам қонун лойиҳаси бу қонун лойиҳасидай халқаро ташкилотлар танқидига учрамаган эди. Чунки у халқаро андозаларга мос келмайди, - деди.

Мустақил журналист Саидаҳмад Қуттиқадамнинг фикрича оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги янги қонун Қозоғистонда демократияга берилган зарбадир.

- Парламент янги қонунга нисбатан жамоатчилик ва халқаро ташкилотлар муносабатини ҳисобга олмади, - дейди мустақил журналист.

Хўш, нима учун жамоатчилик янги қонундан норози? Унда қандай меъёрлар белгиланган?

Қонун лойиҳасида информация манбасини кўрсатиш шарт эканлигининг белгилаб қўйилиши, оммавий ахборот воситалари танлаган йўналишига мутаносиб ишлаётганини исботлаш учун мунтазам равишда қайта қайддан ўтиб туриши шарт эканлигининг белгилаб қўйилиши, теле ва радиостациялар фаолият юритиш учун иккита вазирлик - Транспорт ва алоқа вазирлигидан ҳамда Ахборот вазирлигидан лицензия олиши кераклигининг белгилаб қўйилиши ва бошқа бир қатор меъёрлар республикадаги нодавлат ташкилотлари ва халқаро ташкилотларнинг ташвишига сабаб бўлган эди. Янги қонуннинг қабул қилинишига қаршиларнинг фикрича, тилга олинган ва олинмаган меъёрлар ҳокимият учун номақбул бўлган мустақил оммавий ахборот воситаларини ёпиб қўйиш учун жуда қулай баҳона бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG