Линклар

Халқаро нодавлат ташкилотлар Эронни тарк этмоқда


A. ARAL БМТ Қочқинлар масалалари бўйича Олий Комиссарлигининг Женевадаги матбуот вакили Петер Кесслер кўплаб халқаро ëрдам кўрсатувчи ташкилотларни Эронни тарк этишга мажбур қилаëтган муаммолар ҳақида шундай фикр билдиради.

- Асосий муаммолар - иш режалари, виза олиш ва уни узайтиришга тўсқинлик қилаëтган ва халақит бераëтган чексиз маъмурий расмиятчиликлардан иборатдир, - дейди БМТ вакили жумладан.

Унга кўра, маъмурий тўсиқлар ҳаттоки бўҳронли зоналарда қочқинларга ëрдам кўрсатиш бўйича бир неча йиллик катта тажрибага эга бўлган нодавлат ташкилотларнинг ҳам фаолиятларини тўхтатишига сабаб бўлмоқда. Шу боис, Эронда қочқинлар сони анча кўп бўлишига қарамай, ҳозирги пайтда мамлакатда атига еттита халқаро нодавлат ташкилот фаолият олиб бормоқда. Натижада мамлакатдаги муҳожирлар турли муаммоларга дуч келмоқда. Бундай муаммоларни Эрон ҳукумати якка ҳолда бартараф этишнинг уддасидан чиқолмаяпти.

БМТ Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлигига кўра, маъмурий тўсиқлар Эронда халқаро ëрдам кўрсатувчи ташкилотлар дуч келаëтган ягона муаммо эмас, айрим нодавлат ташкилотлар фаолиятининг тўхташига ҳокимиятнинг тазйиқи ҳам сабаб бўлмоқда.

Шундай халқаро нодавлат ташкилотлардан бири Эронда муҳожирлар билан иш олиб борувчи Британиянинг "Ockenden" тошкилотидир. "Ockenden" йиллар давомида Эрондаги афғон қочқинларига ëрдам кўрсатиш ва уларни ватанларига қайтариш жараëни устида иш олиб борди.

Ташкилотнинг ижрочи директори Жэймс Биллнинг Озод Европа-Озодлик радиосига айтишича, "Ockenden" нодавлат ташкилот сифатида мустақиллиги хавф-хатар остида қолгани боис, Эронни тарк этишга қарор қилди.

Маълум бўлишича, Эрон сўнгги 20 йилдан кўпроқ давр мобайнида дунëнинг муҳожирлар энг кўп жойлашган мамлакатига айланди. Қўшни Афғонистондаги уруш ва очарчилик туфайли тақрибан 2 миллион киши Эронга қочиб ўтди. Кейинги пайтларда афғон қочқинларининг деярли ярми ватанларига қайтиб кетган бўлишлари мумкин.

Эронда, шунингдек, 200 мингдан кўпроқ ироқлик қочқин ҳам истиқомат қилади.
Эрон ҳукумати мамлакатдаги қочқинлар халқаро ҳамжамият томонидан етарли даражада ëрдам олмаëтганидан шикоят қилиб, муҳожирларга ëрдам кўрсатиш, асосан, уларнинг зиммасига тушиб қолганини таъкидлайди.
Эрондаги муҳожирлар халқаро уюшмаси вакили Нозанин Козимийга кўра, бир қатор ëрдам кўрсатувчи нодавлат ташкилотларнинг Эронни тарк этишларига маблағ етишмаслиги сабаб бўлган.

- Менинг фикримча, Эронни тарк этган айрим нодавлат ташкилотларнинг бу мамлакатда фаолият олиб боришга ë етарли молиялари бўлмаган ëки улар Афғонистон ва Ироқда ишлашга қарор қилганлар, - дейди Нозанин Козимий.

Унга кўра, муҳожирларга ëрдам кўрсатиш ишлари билан шуғулланиш осон эмас. Молия масаласи ва Эронга боришнинг қийинчиликлари ҳар доим мураккабликларга сабаб бўлган ва бу муаммолар кун сайин ортиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG