Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:53

Туркманистон БМТ кун тартибида.


БМТ Бош Ассамблеяси Туркманистон ҳукуматини мамлакатда инсон ҳуқуқларини поймол қилишни тўхтатишга чақириб, резолюция қабул қилди.

Туркманистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини Конго, Шимолий Корея каби давлатлар билан тенглаштирган бу резолюция ҳақида Туркман мухолифати вакили Нурмуҳаммад Ҳанамов гапиради:

"Дунëда агар бир тоталитар режим бор бўлса бу Туркманистондир. Туркманистонда вазият Конгодаги, Шимолий Кореядаги вазиятдан ҳам ëмонроқ деб айта оламан. Шу маънода ушбу резолюция айни муддао бўлди."

Ушбу резолюция 73га 40 нисбат овоз билан тасдиқланди. 56 мамлакат бу масалага муносабат билдирмади. Резолюция асосан Европа давлатлари ва Россия томонидан қўллаб-қувватланган бўлса, Хитой ва кўплаб мусулмон давлатлари унга қарши овоз бердилар.

Туркман мухолифати вакили Нурмуҳаммад Ҳанамов бу холатни шундай изоҳлайди:
"Хитой ва мусулмон мамлакатларининг бу резолюцияларга қарши чиққанлигини ўғрининг тиззаси қалтирайди деган маънода талқин қилиш мумкин. Яъни уларнинг ўз ўлкаларида инсон ҳуқуқларининг аҳволи ҳаминқадар. Резолюциянинг Россия тарафидан қўллаб қувватланганига келсак, бир томондан Россия Туркманистондаги русийзабон аҳоли борасида ташвишланаяпти, иккинчи томондан Европа давлатларига яҳши кўринмоқчи."

Туркман мухолифати вакили Нурмуҳаммад Ҳанамов фикрлари эди.

"Бундай резолюцияларга амал қилиш мажбурий бўлмаса-да, улар муҳим рамзий аҳамият касб этади," дейди "Мемориал " инсон хуқуқлари ташкилоти Марказий Осиë лойиҳаси раҳбари Виталий Пономарев:
"Албатта ҳозирги босқичда Туркманистонга қарши бирор амалий чора кўрилмайди, лекин бу резолюциянинг дунë давлатлари учун Туркманистон тўғрисидаги бир мужда эканлигини унутмаслик керак."

Агар Туркманистонда инсон ҳуқуқлари яҳшиланмас экан халқаро ҳамжамият, ҳусусан БМТ янги чоралар кўриши мумкин дейди Туркман мухолифати вакили Нурмуҳаммад Ҳанамов:

"Буëғига энди иқтисодий жазо санкциялари қўланилиши мумкин. Агар аҳвол шундай давом этаверса Туркманистон мавзуси хавфсизлик кенгашида ҳам муҳокама қилиниши мумкин. Бунинг қандай оқибатларга олиб келишини ўзингиз яҳши биласиз " дейди Австрияда истиқомат қиладиган Туркман мухолифати вакили Нурмуҳаммад Ҳанамов.

Аммо кузатувчилар БМТ резолюцияси Туркманистондаги реал вазиятга деярли таъсир ўтказа олмаслигини ва масаланинг БМТ хавфсизлик кенгашида кўрилиши эҳтимоли эса хақиқатдан жуда узоқ эканлигини айтишмоқда.
XS
SM
MD
LG