Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:18

Модда бекор қилинди, ўлим жазоси эмас


Шайбон Хабарларга кўра, Олий Мажлиснинг яқинда ўтказилган 13-сессиясида “Ўзбекистон қонунчилик актларига тўлдиришлар ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилинган.

Мазкур ҳужжатда Жиноят кодексининг икки моддасига кўра ўлим жазоси белгиланиши бекор қилиниши назарда тутилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан “Озодлик” радиосига расман тақдим этилган маълумотга қараганда, парламент қабул қилган мазкур ҳужжатда ЖК 151-моддасининг иккинчи банди (агрессия), 153-модда (геноцид) учун ўлим жазоси олиб ташланиши кўрсатилган. Мазкур маълумотга кўра, Ўзбекистонда ўлим жазоси босқичма-босқич бекор қилинади.

Маҳаллий кузатувчилар Олий Мажлисда қабул қилинган қонун лойиҳаси хусусида турлича фикр билдирмоқда. Хусусан, “Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нодавлат ташкилоти Тамара Чикунованинг таъкидлашича, бизнинг жамиятда агрессия ва геноцид кўзда тутилган модданинг бирор кимсага нисбатан қўлланилишини тасаввур қилиб бўлмайди. Одатда бу моддалар ҳарбий ҳаракатлар вақтида қўлланилади. Демакки, Ўзбекистон учун бу модданинг кераги йўқ.

“Мазлум” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижрочи директори Аъзам Турсунов эса бу моддаларнинг бекор қилиниши мамлакатда ўлим жазоси қўлланилишига таъсир кўрсатмаслигини тахмин қилди.

Кузатувчиларнинг фикрича, қонунчиликда мавжуд, аммо ҳеч қачон қўлланилмаган моддаларга эътибор қаратилиши ҳукуматнинг бу масалани ҳал этишга киришганини англатмайди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ўлим жазосига ҳукм қилиниб, айни пайтда ижрони кутиб ётган беш нафар маҳбус, жумладан, 19 ёшли руҳий хаста Аброр Исаевни тилга олмоқда. Агар ҳукумат ўлим жазосини бекор қилиш устида бош қотираётган бўлса, демоқда улар, у ҳолда ушбу маҳбусларга нисбатан жазони бекор қилиши лозим эди.
XS
SM
MD
LG