Линклар

Ўзбеклар эронликларга ёрдам бермоқда


Тўлқин

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Илҳом Зокировнинг маълум қилишича, инсонпарварлик ёрдамининг умумий ҳажми 15 тонна бўлиб, у дори-дармон, иссиқ тўшак, болалар кийимлари, чодирлар, ичимлик сув, озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат.

Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Владимир Норовнинг таъкидлашича, инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг фармойишига биноан жўнатилган.

Мазкур вазирликдан олинган маълумотларга қараганда, инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти, “Экосан” жамғармаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, “Ўзбекенгилсаноат”, “Ўзозиқовқатсаноат” уюшмалари, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ва бошқа ташкилотлар ёрдамида жамланган.

Эроннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Козимийнинг айтишича, И.Каримов Эрон Президенти Саййид Муҳаммад Ҳотамий номига йўллаган ҳамдардлик мактубида Ўзбекистон ушбу мамлакатга ҳар қандай кўмак беришга тайёрлигини билдирган. Бироқ, унинг таъкидлашича, ҳозирча ўзбек қутқарувчилари Бамга жўнатилмаган.

Элчихона вакилининг сўзларига қараганда, 29 декабрь куни Тошкентдаги Шайх Зайниддин жомеъ масжидида Бам шаҳрида юз берган зилзила оқибатида қурбон бўлганлар хотирасини ёд этиш маросими бўлиб ўтган. Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган эронлик дипломатлар ва тижоратчилар томонидан ташкил этилган ушбу маросимда мусулмон давлатлари элчихоналари вакиллари ҳамда ўзбекистонлик фуқаролар иштирок этган.
XS
SM
MD
LG